АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келди

Бугун, 18 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио рафиқаси билан Ўзбекистонга ташриф буюрди. У Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган қатор учрашувларда иштирок этади.
Рубиони Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник кутиб олгани ҳақида хабар берилган.
19 октябрь куни Самарқандда C5+1 форматидаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтади. Унда АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари қатнашади. Рубио, шунингдек, минтақа давлатларининг юқори мартабали расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Давлат котибига 200 нафардан ортиқ бизнес вакилларидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда. Ташрифдан кўзланган асосий мақсадлар қаторида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ва стратегик ҳамкорликни кенгайтириш бор.
Рубио аввалроқ Марказий Осиё билан алоқаларни ривожлантириш АҚШ учун муҳимлигини таъкидлаган. Самарқанддаги учрашувларда минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…