АҚШ Давлат котиби Ўзбекистон тарихида илк бор бизнес миссияси билан ташриф буюрди

АҚШ Давлат котиби Ўзбекистон тарихида илк бор бизнес миссияси билан ташриф буюрди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакат тарихида илк бор соф иқтисодий манфаатлар, сармоя ва бизнес ҳамкорликни кенгайтириш мақсадига йўналтирилган.
  • Бу сафар олдинги барча ташрифлардан фарқли ўлароқ, аниқ иқтисодий лойиҳаларга қаратилган бўлиб, Вашингтон Марказий Осиёга муҳим инвестиция майдони сифатида қараётганини кўрсатади.

АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга амалга ошираётган навбатдаги ташрифи икки томонлама дипломатик алоқалар тарихида янги, бурилиш ясовчи саҳифа очмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан буён АҚШ ташқи сиёсат маҳкамасининг 7 нафар раҳбари юртимизга жами 8 маротаба расмий сафар уюштирган бўлса, уларнинг деярли барчаси геосиёсий, ҳарбий-хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари каби классик сиёсий миссияларга қаратилган эди. Бу сафарги ташриф эса Ўзбекистон тарихида илк бор соф иқтисодий манфаатлар, сармоя ва бизнес ҳамкорликни кенгайтириш мақсадига йўналтирилгани билан тубдан ажралиб туради.

АҚШ Давлат котиби Ўзбекистон тарихида илк бор бизнес миссияси билан ташриф буюрди

Бейкердан Блинкенгача: АҚШ Давлат котиблари нега келган эди?

Ортга назар ташласак, Вашингтоннинг юқори мартабали мулозимлари юртимизга ҳар гал муайян глобал ва минтақавий сиёсий кризислар пайтида ташриф буюрганини кўриш мумкин:

  • Жеймс Бейкер (1992 йил 15–16 февраль, Тошкент ва Самарқанд): Собиқ Иттифоқ парчалангач, ёш мустақил давлатлар билан дастлабки дипломатик алоқаларни ўрнатиш, ядровий хавфсизлик ва минтақавий барқарорликни ўрганиш мақсадидаги илк танишув миссияси эди.

  • Мадлен Олбрайт (2000 йил 16–19 апрель, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро): Афғонистонда «Толибон» кучайиб бораётган ва Марказий Осиёда диний экстремизм хавфи ортган бир даврда хавфсизлик бўйича музокаралар олиб борилган.

  • Колин Пауэлл (2001 йил 7–8 декабрь, Тошкент): АҚШдаги машҳур 11 сентябрь терактлари ортидан, Афғонистондаги аксилтеррор операциялари ва Хонобод (K2) ҳарбий базаси бўйича стратегик келишувларни мустаҳкамлаш учун амалга оширилган сиёсий-ҳарбий ташриф.

  • Ҳиллари Клинтон (2010 йил 2 декабрь ва 2011 йил 22 октябрь, Тошкент): Шимолий таъминот тармоғи (NDN) орқали Афғонистонга юклар ташиш, транзит йўналишлари ва хавфсизлик масалалари бош мавзу бўлган.

  • Жон Керри (2015 йил 1 ноябрь, Самарқанд): Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг янги дипломатик платформаси — «C5+1» форматига айнан Самарқандда расман асос солинган эди.

  • Майк Помпео (2020 йил 2–3 февраль, Тошкент): АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини тақдим этиш, минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватлаш ва сиёсий ислоҳотлар юзасидан мулоқот ўтказилган.

  • Энтони Блинкен (2023 йил 28 февраль – 1 март, Тошкент): Украинадаги уруш фонида Россияга қарши халқаро санкцияларга риоя қилиш ва минтақа давлатларининг геосиёсий мувозанатини сақлашга бағишланган эди.

Сиёсатдан амалий манфаатга: Янги парадигманинг моҳияти

Олдинги барча сафарлардан фарқли ўлароқ, бу галги ташрифнинг асосий кун тартиби фақат сиёсий баёнотлар эмас, балки аниқ иқтисодий лойиҳалардан иборат:

  • «C5+1» формати ва бизнес альянс: Вашингтон энди Марказий Осиёга шунчаки геосиёсий хавфсизлик бурчагидан эмас, балки муҳим инвестиция майдони сифатида қараяпти;

  • Критик хомашё ва энергетика: АҚШ саноати учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ноёб ер элементлари, рақамли технологиялар, қайта тикланувчи энергия ва инфратузилмага америкалик сармоядорларни кенг жалб этиш кўзда тутилмоқда;

  • Ўзбекистоннинг ислоҳотлар самараси: Бу ўзгариш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг фақат хавфсизлик кун тартибидан холи бўлиб, очиқ иқтисодий шериклик ва йирик халқаро бизнесни жалб қилиш йўналишига тўлиқ ўтганини намойиш этади.

Вашингтон ва Тошкент муносабатларидаги бундай прагматик қадам минтақа иқтисодиётига тўғридан-тўғри АҚШ сармоялари оқимининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар