Volkswagen электромобилларининг аккумуляторларида нуқсон аниқланди

Германиянинг Volkswagen автомобиль концерни аккумуляторларида аниқланган нуқсон туфайли дунё бўйлаб қарийб 72,7 мингта электромобилни сервис марказларига қайтармоқда. Носозлик айрим ҳолатларда аккумуляторнинг қизиб кетиши ва ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри Германия Автотранспорт федерал идораси (KBA) маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, муаммо айрим юқори кучланишли аккумулятор элементларидаги ишлаб чиқариш нуқсонлари билан боғлиқ. Volkswagen’нинг ички сифат текширувлари давомида айрим аккумулятор элементлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган. Нуқсон эҳтиёт қисмлар етказиб берувчилардаги ишлаб чиқариш хатолари билан изоҳланмоқда.
Қайтариб олиш жараёни 2022–2025 йилларда ишлаб чиқарилган Volkswagen ID.3, ID.4, ID.7 ва ID. Buzz моделларини қамраб олади. Шунингдек, 2022–2024 йилларда ишлаб чиқарилган Cupra Born электромобиллари ҳам рўйхатга киритилган.
Хавфсизлик чораси сифатида автомобил эгаларига аккумуляторни ҳозирча 80 фоиздан ортиқ қувватламаслик тавсия этилган. Техник жиҳатдан имкони бўлган айрим автомобилларда қувватлаш чегараси автоматик равишда белгиланади.
Автомобил эгаларига қайтариб олиш тартиби ва кейинги чоралар ҳақида хат орқали хабар берилади. Сервис марказларида аккумуляторлар текширилади. Айрим ҳолларда носоз қисмларни алмаштириш ўрнига дастурий таъминотни янгилаш кифоя қилиши мумкин.
Германия Автотранспорт федерал идораси маълумотларига кўра, ҳозирча ушбу нуқсон туфайли тан жароҳати олганлар ёки моддий зарар кўрганлар ҳақида хабар берилмаган.






























Изоҳлар 0
…