16:33 / 11.05.2022
1 155

«Онам мени дунёга келтиргани менга қилинган энг катта яхшилик бўлган»

«Онам мени дунёга келтиргани менга қилинган энг катта яхшилик бўлган»
Америкалик актёр, режиссёр ва сухандон Морган Фримен «Шоушенкдан қочиш», «Қора рицар», «Сунъий онг» каби кўплаб фильмлар орқали бутун дунё томошабинлари қалбидан жой олган. У «Оскар», «Олтин глобус», «Кумуш айиқ» ва бошқа нуфузли мукофотлар соҳибидир. Фримен ўзига хос хотиржамлиги, чуқур овози ва профессионал ҳикоя қилиш қобилиятлари билан ҳам машҳур. The Тalks нашрининг таниқли актёр билан бир неча йил аввал уюштирган суҳбатини ўзбек тилида ҳавола этамиз.

— Жаноб Фримен, тинимсиз меҳнат сизни толиқтирмадими?
— Мен туннел қазимайман, қурувчилик қилмайман. Ишим оғир эмас, аксинча, куч бағишлайди, ўзимга ёқади. Қанча кўп ишласам, шунча яхши. Бекорчилик одамни заифлаштиради.

— Кўп йиллардан бери банд одамсиз... Охирги марта қачон иш қидирганингизни эслай оласизми?
— Мен кўп оғир ишларни қилганман, лекин емакхонадаги ишим, чамамда, энг ёмони эди. Ундан сўнг офисда котиб бўлдим. Кўпроқ маош олишни истардим, лекин беришмади. Кейин раққос сифатида шоуда қатнашиш учун синовдан ўтдим. Мени қабул қилишди ва ўша заҳоти офисдан кетдим. Афсуски, раққос сифатида бор-йўғи уч ой фаолият юритдим, кейин шоу ёпилди. Шундай қилиб, қаҳва ва ширин кулча сотиладиган каталакдек жойда ишлай бошладим.

— Бу ҳам ёмон эмас...
— Лекин кунлардан бирида мен билан шоуда бирга ишлаган йигит кириб келди. Мен пештахта остига яширинмоқчи бўлдим, аммо улгурмадим. У бу ерда нима қилаётганимни сўради. Айни вақтда ишсиз актёр эканимни тан олганимдан сўнг у янги спектаклга кетаётганини айтди. Ўша дақиқа мен учун даҳшатли эди.

— Сизнингча, ҳаётингиз кўпроқ бахтли кунлардан иборат бўлдими ёки аксинча?
— Кўпроқ бахтли кунлардан. Ўттиз ёшимда ишлай бошлаганман ва ҳалигача ишлаяпман, шунинг учун бахтли кунларим кўпроқ бўлди.

— Биров сиз учун қилган энг катта яхшилик нима?
— Ўйлашимча, онам мени дунёга келтиргани менга қилинган энг катта яхшилик бўлган.

— Энг катта ёмонлик-чи?
— Ҳозирча бундай ёмонликни кўрмадим.

— Бу ўта ижобий қарашдай кўринади.
— Бор кучим билан ҳаракат қиляпман, чунки ҳаёт доим истаганимиздай кечавермайди. У баъзан оғриқли, баъзан ғамли, баъзида ҳатто азобга солади. Шундай экан, бу довонларни забт этгин-у шодлик ва осойишталикка интил.

— Наҳотки, ҳаётда ҳам экранда кўринганингиз каби хотиржамсиз?
— Ҳа, хотиржамман.

— Сизни ҳатто Сэмюэл Л. Жексон билан адаштириб юборишлари ҳам хафа қилмайдими? Эшитишимча, кўп марта шундай бўлган...
— Ҳа, Сэм Жексон. Сэм иккимизни кўп адаштириб юборишади.

— Уларга тўғрисини айтасизми?
— Бир куни Техаснинг Даллас шаҳрида бир самолётдан бошқасига чиқиш учун кутиб ўтиргандим. Бош кийимда ва кўзойнакда эдим — ҳеч кимдан яшириниш ниятим йўқ эди, шунчаки ўзим истагандай кийиниб олгандим. Шу пайт бир йигит ёнимга келиб: «Биламан, кўзга ташланишни истамайсиз, лекин сизни танийман, Сэмюэл Л. Жексон», — деди. Мен у эмаслигимни айтдим. У бўлса: «Алдаяпсиз, лекин сизни тушунаман», — деди. Сэм билан ҳам худди шундай воқеа бўлган. Одамлар доим унга: «Ҳей, Морган!» — деб бақираркан. Шунинг учун Сэм саҳнага чиқибоқ: «Мен Морган Фримен эмасман», — дейди.

— Сэмюэл Л. Жексон билан дўстмисиз?
— Сэм Жексонни 80 йилларда Нью-Йоркдаги жамоат театрида бирга ишлаганимиздан бери биламан. У менинг кўп йиллик дўстим. Лекин биз бир-биримиздан доим узоқда бўлганмиз. Мен Миссисипида яшайман, Сэм эса Лос-Анжелесда. Мен ундай ерда яшашни истамайман.

— Нима учун Миссисипига қайтиб кетдингиз?
— Сал кам 30 йиллик ҳаётим Нью-Йоркда ўтди. Доим у ердан кетгим келарди. Бир куни учинчи қаватдаги бошпанамда табиий нурдан мосуво эканлигимни тушундим. Қўшниларим ким эканлигини ҳам билмасдим. Бу мен учун маънисизликдан бошқа нарса эмасди.

— Ҳозирги ерда кўздан бироз панадамисиз?
— Мен кичик шаҳарчада яшайман. У ерда харид қилишим мумкин, лекин Walmart, Тarget каби одамлар кўп борадиган жойларга боролмайман. Тиш пастаси ё қаҳва сотиб олишим ҳам катта воқеага айланиб кетади. Обрў-эътибор эгаси бўлишнинг ёмон томони — ёлғиз қололмаслик. Ишонинг, ёлғизлик сиз учун қанчалик қадрли эканлигини ундан айрилмагунча билмайсиз.

— Одамлар сизни безовта қиладими?
— Ҳа, уларнинг топиб олгани шу: «Онам, хотиним, эрим сизни учратганимга ишонмайди. Дастхат қўйиб беринг!»

— Дастхат қўясизми?
— Йўқ. Агар хотининг сени ёлғончи деётган бўлса, ёлғончисан, шундай эмасми? (кулади)

— Охирги савол: сирғани шунчаки тақасизми ёки бундан қандайдир мақсад кўзланганми?
— Ҳа, агар ёт ерларда ўлиб кетсам, бу сирғалар мен учун тобут сотиб олишга етади. Денгизчилар ҳам шунинг учун сирға таққан.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Онам мени дунёга келтиргани менга қилинган энг катта яхшилик бўлган»