12:30 / 03.06.2022
1 765

«Ҳаж-2022»: Ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар ва нархлар оширилди

«Ҳаж-2022»: Ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар ва нархлар оширилди
Фото: Omer Arslan
Ўзбекистонда «Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди. Шунингдек, 2022 йилги мавсумда Ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар миқдори 7200 кишидан 10 минг 865 нафарга оширилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маъруфов маълум қилди.

Қайд этилишича, нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани сабаб бўлган.

Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Шунингдек, Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди.

Саудия ҳукумати томонидан бу йилги ҳаж ибодатини адо этиш учун хорижий ва маҳаллий фуқароларга қуйидаги талаблар эълон қилинган:
  • Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабга кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июнь кунигача туғилган инсонлар киради;
  • Бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт;
  • Барча зиёратчилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур;
  • Барча фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этишлари лозим.

Шунингдек, ўзбекистонлик зиёратчилар шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ҳамда худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари қайтиб келади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Ҳаж-2022»: Ўзбекистонлик зиёратчилар учун квоталар ва нархлар оширилди