20:53 / 09.08.2022
2 423

Пермдаги ўзбеклар Украинадаги урушда қатнашишга даъват қилинди

Пермдаги ўзбеклар Украинадаги урушда қатнашишга даъват қилинди
Фото: Видеодан кадр
Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбекистонликлар диаспораси раҳбари, Россия фуқаролигини олган Жаҳонгир Жалолов шу ерда ишлаётган ва яшаётган ўзбекларни «Амир Темур» батальони ташкил этиш ва Украинадаги «махсус амалиёт»ни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари ўз ватандошларини Украинадаги урушга жалб қилаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

«Фарзандларимиз боғчаларга қатнайди, мактаблар ва университетларда ўқийди. Биз Россияда яшаймиз ва ишлаймиз. Биз еяётган нонимизни оқлашимиз шарт. Мен кўнгиллилар батальони ташкил этиш ва уни буюк Амир Темур номи билан аташни таклиф қиламан. Ва Россиянинг Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашга чақираман», деди у.

У ватани Россия экани ва Россия Федерациясига хизмат қилишини таъкидлайди.

Ўзбекистон қонунчилиги бу ҳақда нима дейди?
Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар ҳарбийлашган ва куч ишлатар тузилмаларига хизматга ёлланиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, низолашаётган давлат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ушбу моддада ёлланма шахсни ўқитиш ёки моддий таъминот бериш учун ҳам жавобгарлик мавжуд. Кодекснинг 154-1-моддасида эса, хорижий давлатларнинг ҳарбийлашган органларига хизматга кириш учун жавобгарлик белгиланган.

Миграция агентлиги огоҳлантирди
Миграция агентлиги Россияда ўзбек диаспораси Украинага қарши батальон тузаётганига муносабат билдирди.

«Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган
», — дейилади хабарда.

Бу биринчиси эмас
24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргач, интернетда Россиядаги меҳнат муҳожирларини ушбу урушга жалб этиш ҳаракатлари бошланиб кетганди. Шундай ҳаракатларга жавобан март ойи бошида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига мурожаат билан чиққанди.

Агентлик хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида ҳеч қандай зиддиятли вазиятларни келтириб чиқармаслик, қуролли тўқнашувлар ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслик, провокация ва алдовларга учмаслик, осон пул топиш илинжида митинг ва намойишларда иштирок этмасликка чақирганди.

Июл ойи охирида ҳам хусусий ҳарбий кампаниялар ўзбекистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларини юқори маош эвазига ёллашга ҳаракат қилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Мустақил журналистик суриштирувларда ушбу эълонлар орқали фуқароларни Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш асосий мақсад экани маълум қилинган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги яна бир бор ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пермдаги ўзбеклар Украинадаги урушда қатнашишга даъват қилинди