
Балаклияда яксон бўлган рус техникалари. Juan Bareto / AFP / Scanpix / LETA
Украинанинг Харкив области жануби ва шарқидаги қарши ҳужуми беш кун ичида барча мақсадларига эришди. Россияликлар шимолдаги ҳудудларни ҳам ташлаб кетган — украин ҳарбийлари Россия билан чегарадаги шаҳар ва қишлоқларни ҳам озод этмоқда.
Россия қўшини қуршовга тушиб қолмаслик учун 8 сентябр куни Балаклия шаҳрини ташлаб чиқишди, 10 сентябр куни эса — РФ мудофаа вазирлигининг ушбу минтақадаги асосий таъминот базаси ҳисобланган Купянск шаҳрининг ғарбий қисмидан чекинди. 10 сентябр куни Россия қуролли кучлари ушбу ҳудуддаги энг йирик гуруҳи штаби жойлашган Изюм шаҳридан ҳам кета бошлади. Бу ҳудудлар билан бирга жанглар вақтида бой берилган бошқа ўнлаб қишлоқ ва посёлкалар, ўнлаб бутун ёки шикастланган техникалар, шунингдек тонналаб ўқ-дорилар қолдириб кетилган. Бундан ташқари — Россия армияси 2022 йил мартидан буён катта куч ва қурбонлар билан эришилган барча нарса бой берилди. Энди россиялик ҳарбийларда шимолдан туриб Донбассга янги ҳужум бошлаш имконияти қолмади. Қуйида бу воқеаларнинг қисқача тадрижи келтирилади.
Бу қандай рўй берди?
Украина қўшини Балаклия ва Чугуйивдан ёриб ўтиб, 9 сентябр куни Купянскнинг ғарбий чеккасига етиб келишди. Улар ракета зарбалари билан Оскол дарёси (дарё Купянсни ғарбий ва шарқий қисмга ажратади) орқали ўтган автомобил кўпригини яксон этди ва бу орқали Украина армиясининг шаҳарга киришига қаршилик кўрсатишга уринган Россия армияси таъминотини мураккаблаштирди. 10 сентябрга ўтар кечаси Россия кучлари Оскол дарёсининг шарқий соҳилига чекинди ва бу ерда кун давомида янги мудофаа линияси ташкил этишга уринди. Шунингдек, РФ қуролли кучлари украинларнинг шаҳардан шимолга, Украина-Россия чегараси (Харкив Россиянинг Белгород области билан чегарадош) томон ҳужум қилишини тўхтатишга уринди.
Украина қўшинларининг Балаклия ҳудудида ҳужумга ўтган яна бир гуруҳи 9 сентябр куни Купянскдан жанубда Оскол дарёси бўйига (Оскол сув омборига) етиб келиб, Купянск ва Россиянинг Изюм ҳудудидаги йирик гуруҳи ўртасидаги барча алоқа йўлларини узиб қўйди. Изюмдаги гуруҳ ёз бўйи Донбассдаги Словянскка ҳужум қилишга уринганди.
Купянскдан 50 километр жанубда жойлашган Изюм шаҳрини «катта ер» блилан боғлайдиган ягона йўл ҳам (у Оскол дарёси устидан шу номдаги шаҳар ҳудудида ўтадиган кўприк йўлидир) украин қўшинлари тўхтовсиз олға юришидан кейин хавф остида қолган: жанубдаги украин қўшини Оскол дарёси келиб қуйиладиган Шимолий Донни кечиб ўтди ва Лиманга яқинлашди. Лиман эгалланган тақдирда улар шимол томон бироз юриб Изюмнинг таъминоти амалга оширилиши мумкин бўлган сўнгги йўлни ҳам тўсиб қўйиши мумкин эди (энди бунга ҳожат қолмади, РФ мудофаа вазирлиги Изюмни ташлаб чекинишга қарор қилди).
Шу таҳдид туфайли 10 сентябрга ўтар кечаси Россия қўмондонлиги бу гуруҳни қуршовга тушишдан сақлаш мақсадида эвакуация қилишга киришди. Шу куни украин қўшинлари Изюмнинг шимолий чеккасига яқинлашиб келди, аммо шаҳар озод этилгани ҳозирча расман эълон қилинмаган.
11 сентябр куни украин ҳарбийлари шимолдаги Волчанск шаҳри марказига кириб боргани ва у ерда ҳам Украина байроғи ўрнатилгани акс этган видео ва фотолар тарқалди. Украина президенти офиси раҳбари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бўри боши акс этган эмодзи қолдирди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони мамлакат армияси нафақат жануб ва шарққа томон, балки шимолга ҳам муваффақиятли юриш қилаётганини маълум қилди.
РФ мудофаа вазирлиги шу куни эълон қилган харитада Россия ҳарбийлари Харкив шимолидан ҳам чекингани ва энди мудофаа чизиғи Оскол дарёси бўйлаб ўтиши акс этган. Яъни россиялик ҳарбийлар Харкив области шимолида, Россия билан чегараларга яқин жойлашган Волчанск, Козача Лопан, Варваривка ва Великий Бурлук шаҳарлари ҳамда чегарадаги бошқа аҳоли пунктларини ҳам ташлаб кетган, Украина ҳарбийлари давлат чегараларига чиққан.

РФ мудофаа вазирлиги 11 сентябр куни намойиш этган харитада янги мудофаа линияси кўрсатилган.

11 сентябр кунги брифингда кўрсатилган харитада Харкив шимоли ва шарқидаги катта ҳудудлар РФ армияси назоратида экани кўрсатилганди
Буёғига яна нималар бўлиши мумкин?
Лиман яқинидаги плацдармдан Украина армияси (ҳозир ёки яқин келажакда) янада амбицияли мақсадларга эришиш учун фойдаланиши мумкин: Луҳанск областининг июл ойида бой берилган ҳудудларига кириб борилиб — Сватово ва Старобельск ёки Рубежное ва Северодонецк ҳужум қилиниши мумкин.
Украина қуролли кучлари учун яна бир ғоя — Россия қўшинини Купянскнинг шарқий ҳудудидан ҳам сиқиб чиқариб, чегарагача етиб боришдир.
Россия қўмондонлигининг ягона умиди — украинлар қарши ҳужум бошланган Чугуйивдаги базадан етарлича узоқлашилгани туфайли тин олишидир, шунда РФ мудофаа вазирлиги — Изюм атрофидан олиб чиқилган қўшинлар ва захира кучлар ёрдамида Оскол ва Шимолий Дон бўйларида мустаҳкам мудофаа чизиғи ташкил этиши мумкин. Бунинг учун Россия қандай қилиб бўлмасин украинларнинг Лиман атрофидаги плацдарми кенгайишига тўсқинлик қилиши (ва янги плацдарм ҳосил бўлишига йўл қўймаслик) керак бўлади.
Шу билан бирга, фронтда ҳали Балаклиядаги каби кўплаб заиф нуқталар борлиги тайин (Россия минг километрлик фронт чизиғини тутиб туриш учун етарли кучга эга эмас), Украина ёз бўйи тўплаган захиралар эса ҳали тугамайди.

Украинанинг беш кунлик қарши ҳужумида озод этилган ҳудудлар кўк рангда. РФ армияси бу ҳудудни уч ойдан ортиқ вақт давомида катта йўқотишлар эвазига эгаллаганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар