
Фото: Reuters
АҚШ президенти Жо Байденнинг «у нимани ўйлаётганини билиш учун Владимир Путин билан музокаралар столига ўтириш»га тайёрлиги ҳақидаги сўзлари ёки Германия канцлери Олаф Шолц сентябр ойидан буён илк бор россияликлар раҳбари билан бир соат давом этган телефон мулоқоти ўтказиши нимани англатади?
Албатта, булар олий даражадаги тинчлик музокаралари бошланишига яқин қолди дегани эмас.
«Агар Путин урушга нуқта қўйиш усулини топишга ҳақиқатан ҳам қизиқаётган бўлса, у билан гаплашишга тайёрман. Ҳозирча мен буни кўрмаяпман», — деди Байден Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.
АҚШ президенти ўзи айтганидек бундай мулоқот фақат Россия раҳбари Украинадаги урушни тўхтатиш истагини билдиргандагина ўтказилиши мумкин. Бу эса ҳозирча рўй берадиганга ўхшамаяпти.
Кремлнинг Вашингтон Россиянинг Украинанинг сентябр ойи охирида аннексия қилинган ҳудудлари устидан суверенитетини тан олмаслиги ва Ғарб Украинани қуроллантиришда давом этиб, Киевнинг муросасизлиги учун жавобгарлиги ҳақидаги шикоятлари эса дунё бу борада жиддий ўзгариш ёқасида турмаганини кўрсатади.
«У (Байден) биринчи навбатда Россия Украинани тарк этиши кераклигини айтди. Унинг фикрича, бу Путиннинг музокараларга тайёрлигини намойиш қилади. Аммо бу масала моҳиятини ўзгартиради. АҚШ Россия Федерацияси таркибидаги янги ҳудудларни ҳалигача тан олмайди. Бу эса албатта, ўзаро мунозара учун асослар излашни сезиларли даражада мураккаблаштиради», — деди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Аммо уруш чўзилиб, Украинада эса қаҳратон қиш бошланар экан, янги ўлимлар, вайронгарчиликлар ва азоб-уқубатлар таҳдиди ортиб, тинчлик музокаралари қачон бошланиши масаласи тез-тез кўтарила бошлайди.
Ўтган ойда АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Миллининг музокаралар ўтказиш имкониятидан фойдаланиш зарурлиги ҳақидаги сўзлари эса АҚШ маъмуриятида бу борада турлича қарашлар юзага келгани ҳақидаги спекуляцияларни урчитди.
Шундан кейин расмий шахслар ва Ғарб етакчилари асосан Украина музокараларни қачон ва қандай ўтказишни ўзи белгилаши кераклиги ҳақида гапира бошлашди.
Макрон ҳам иттифоқчилар украиналикларни Россия билан ўзлари учун номақбул бўлган муросага боришга ундамаслиги кераклигини таъкидлади.
«Биз украинлар фикрини ҳурмат қилишимиз ва улар ўз ҳудуди бўйича қайси пайтда ва қандай шароитларда музокаралар ўтказишни ўзлари ҳал қилиши керак», деди Франция президенти Оқ уйда Жо Байденнинг ёнида туриб.

Фото: EPA
Ўзаро суҳбатларда ғарблик амалдорлар музокаралар вақти келмаганини таъкидлашмоқда. Улар Москва томонидан мазмунли мулоқот ўтказишга жиддий интилиш аломатларини кўришмаяпти.
Украина ҳарбий жиҳатдан илдамлаётгани, россиялик ҳарбийлар эса кўп сонли муаммолар билан тўқнашаётгани боис, Ғарбда кейинги ойларда Россия ҳозиргидан ҳам заифроқ позицияга ўтиши ҳақида қарашлар бор.
«Вақти келади, аммо ҳозир пайти эмасдек», дея буни ифодалаганди яқинда Ғарбдаги юқори мартабали дипломатлардан бири.
Айни вақтда, унинг айтишича, Ғарбнинг вазифаси - Украинани «ҳар қачонгидан яхшироқ позицияга чиқариш» учун ҳарбий қўллаб-қувватловни давом эттириш ҳисобланади.
Расмий шахслар бундай палла қачон келишини айтишдан қочишади.

Сўнгги ойлардаги муваффақиятсизликларини хаспўшлаш учун россиялик ҳарбийлар асосий эътиборни Бахмутни эгаллашга қаратган.
Фото: Getty Images
Аммо агар Украина яқин ойларда ҳудудларини жанг қилиб қайтаришда давом этса, мунозаралар янада қизғинлашади: Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари Киевнинг ҳарбий мақсадларини қўллаб-қувватлаш учун қанчалик узоққа боришга тайёр?
Тўғридан тўғри айтганда, 24 февралгача, Россия ўзининг кенг кўламли босқинини бошлагунга қадар мавжуд бўлган фронт чизиғига қайтиши - бир масала.
Украинани Россия 2014 йилда босиб олган ҳудудларни (Қрим ва Донбасснинг катта қисми) ҳам қайтаришга рағбатлантириш - бутунлай бошқа масала.
Норасмий каналлар орқали музокаралар давом эттирилмоқда, уларда Пентагон ва Россия мудофаа вазирлиги вакиллари, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс ҳамда унинг россиялик ҳамкасби Сергей Наришкин иштирок этмоқда.
Аммо, тинчлик музокаралари қачон ва қандай бошланиши кераклиги ҳақида гаплар кўпайганига қарамай, афтидан, Украинадаги урушга дипломатик ечим топилишига ҳали кўп вақт бор.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар