
Фото: ТАСС
Москва шаҳар суди Қорачой-Черкесия Республикасининг (ҚЧР) собиқ сенатори Рауф Арашуков ва унинг отаси, «Газпром Межрегионгаз» бош директорининг собиқ маслаҳатчиси Раул Арашуковни жиноий ҳамжамият тузиш, қотиллик ва маблағларни ўзлаштиришда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Сўнгги сўзда Арашуковлар ўзларининг айбсизлигини эълон қилдилар ва суддан адолат сўрадилар.
Тергов маълумотларига кўра, кичик Арашуков 2010 йилда ҚЧР «Адигэ-Хасэ» ёшлар ижтимоий ҳаракати раиси ўринбосари Аслан Жуков ва республика раҳбари маслаҳатчиси Фрал Шебзуховни ўлдиришга буюртма берган. Тергов бу жиноятлар унинг отаси номидан уюштирилган деб ҳисоблайди, чунки бу ижтимоий фаоллар катта Арашуков томонидан ташкил этилган жиноий ҳамжамият фаолиятига халақит бериши мумкин эди.
Шунингдек, айбловга кўра, собиқ сенатор ўз жиноятларини яшириш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таъсир ўтказган. Бундан ташқари, терговда катта Арашуков жиноий ҳамжамиятни ташкил қилгани ва 4,4 миллиард рублдан ортиқ газ ўғирлагани аниқланган.
Арашуковлар 2019 йилнинг январида ҳибсга олинган эди.
Давлат айблови уларнинг иши бўйича яна тўрт нафар судланувчига қаттиқ ва умумий режимдаги колонияларда узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Булар ҚЧР Тергов қўмитаси бўлими бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари Казбек Булатов, Ички ишлар вазирлиги Экстремизмга қарши кураш республика маркази собиқ бошлиғи Тимур Бетуганов, Тергов қўмитаси бош бошқармаси собиқ терговчиси Андрей Филиппов ва «Газпром Межрегионгаз» МЧЖ филиалининг собиқ директори Гузер Хашукаев.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар