
Фото: ТАСС
Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) маҳбусларни Украинадаги урушга ёллаш учун яна колонияларни айланиб чиқишни бошлади, деб ёзди «Медиазона».
Бироқ, энди ХҲК эгаси, миллиардер Евгений Пригожин шахсан колонияларга бормаяпти, балки қўл остидагиларни юбормоқда.
Журналистларнинг таъкидлашича, урушга ёллашнинг биринчи тўлқинидан сўнг, Украинага отланишга тайёр маҳкумлар сони сезиларли даражада камайган. Агар илгари бир неча юзлаб маҳбуслар «Вагнер» таркибига қўшилган бўлса, энди уларнинг сони бир неча ўнлаб одамларга тенг.
«Маҳбуслар энди афв этилишига ишонмай қўйишди, аввал ёлланганлар билан суҳбат натижасида уруш ҳудудида ўлим хавфи жуда юқори эканини билиб олишган», деб таъкидлайди нашр.
«Медиазона» хабарига кўра, яқин келажакда ёлловчилар кўпроқ маҳбусни жалб қилиш мақсадида Украинада жанг қилган собиқ маҳбусларни ташвиқот учун колонияларга олиб боришни режалаштирмоқда.
Колониядаги маҳбуслардан бирининг айтишича, энди хорижликлар «Вагнер» сафига жалб қилинмаяпти. Чунки улар ўз ватанида жавобгарликка тортилиши мумкин. «Яъни, аввал Россия паспорти ваъда қилинган бўлса, ҳозир ундай гаплар йўқ», деди у.
«Вагнер» ХҲК таркибидаги жангчилар сони ҳақида расмий маълумот берилмаган. АҚШ маълумотларига кўра, гуруҳнинг 50 мингга яқин аъзоси бор, уларнинг 40 мингини маҳбуслар ташкил этади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар