14:13 / 15.02.2023
152

АҚШда россиялик тадбиркор кибержиноятларда айбдор деб топилди

АҚШда россиялик тадбиркор кибержиноятларда айбдор деб топилди
Фото: AP
Қўшма Штатлардаги ҳакамлар ҳайъати россиялик тадбиркор Владислав Клюшинни кўплаб компаниялар ҳақидаги махфий маълумотларни олиш ва сотиш учун Америка компьютер тармоқларини бузиб киришда айбдор деб топди, деб хабар берди Reuters 14 февраль, сешанба куни.

«Ҳакамлар ҳайъати жаноб Клюшинда унинг айнан кимлигини – кибержиноятчи ва фирибгар эканлигини кўрди», деди прокурор Рейчел Роллинз. Клюшиннинг адвокати Максим Немцевнинг айтишича, ҳимоя томони ҳукмдан ҳафсаласи пир бўлган, аммо уни ҳурмат қилади.

Тергов маълумотларига кўра, Клюшин ва унинг тўрт нафар шериги Donnelley Financial Solutions (DFIN.N) ва Toppan Merrill тармоқларига бузиб киришган, улар АҚШ компанияларига назорат органларига ҳисобот топширишда ёрдам беради. Прокурорларнинг сўзларига кўра, ўғирланган маълумотлар Клюшинга 2 миллион доллар сармояни деярли 21 миллион долларга, беш кишидан иборат бутун гуруҳга тахминан 9 миллион долларни қарийб 90 миллион долларга айлантириш имконини берди.

Клюшиннинг тўрт нафар шериги озодликда қолмоқда, дея хабар берди Reuters, жумладан, улар орасида - М-13 компаниясида ишлаган ва 2016 йилги президентлик сайловларига аралашиш учун ҳакерлик схемаларига алоқадорликда айбланиб, АҚШда қидирувга берилган Россия ҳарбий разведкасининг собиқ зобити Иван Ермаков.

Владислав Клюшин 2021 йилда Швейцарияда ҳибсга олинган, кейин эса АҚШга экстрадиция қилинган. Тадбиркорнинг ҳимояси унинг ҳибсга олиниши устидан икки марта шикоят қилган ва ҳатто таъқиблар учун товон ундиришни талаб қилган. Клюшин ўз шикоятларида «экстрадицияни сўраган давлат учун Россия ҳақида қимматли махфий маълумотларга эга эканлигини» ва у ҳеч қачон айбланаётган жиноятларни содир қилмаганини, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини таъкидлаган.

Владислав Клюшин Россия расмийлари билан ҳамкорлиги орқали танилган. У Россия президенти маъмурияти учун «Катюша» оммавий ахборот воситалари мониторинги тизимини ишлаб чиққан Москвадаги «М 13» компаниясининг асосчиси эди. Bloomberg агентлигига кўра, Клюшин Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси ҳужжатлари билан ишлаган ва 2020 йил июнь ойида Россия президенти Владимир Путин уни «Шон-шараф» ордени билан тақдирлаган.

Тадбиркорни машҳур «Незыгарь» сиёсий Telegram-каналининг собиқ эгаси деб аташган. Баҳсли маълумот туфайли Клюшин «Проект» суриштирув нашрига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди ва 2019 йил ноябрь ойида муваффақиятга эришди - «Проект» маълумотни рад этишига тўғри келди. Суд маънавий товон сифатида икки журналистнинг ҳар биридан 50 минг рубль ундирди.

Bloomberg хабарига кўра, Россия қурол сотувчи Виктор Бут билан Владислав Клюшинни алмашиш ниятида эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг