14:13 / 28.02.2023
799

Саакашвилининг Грузия президентига мурожаати: “Москва Тбилисида ҳокимиятни эгаллашни режалаштирмоқда”

Саакашвилининг Грузия президентига мурожаати: “Москва Тбилисида ҳокимиятни эгаллашни режалаштирмоқда”

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ўзининг Facebook’даги саҳифасида амалдаги давлат раҳбари Саломе Зурабишвилига мурожаат эълон қилди.

Саакашвили Зурабишвилини халқаро ҳамжамият Грузияни бутунлай яккалаб қўйишига йўл қўймаслик учун ўз ваколатларидан фойдаланишга ундади.

Менинг фикримча, барча сиёсий гуруҳлар Россия тўнтаришига қарши бирлашиши, шунингдек, президент билан дарҳол маслаҳатлашувлар ўтказиши керак. Маълумки, Украинадаги муваффақиятсизлик, Молдовадаги мағлубият билан параллел равишда, Москва яқин келажакда Тбилисида ҳокимиятни очиқчасига қўлга киритишни режалаштирмоқда, бунинг учун у қўрқувдаги қўғирчоқларни ҳамма нарсага рози бўлишга мажбур қилмоқчи”, — деб ёзган Саакашвили.

Грузия собиқ президенти ҳозир хафагарчиликларни эслаш вақти эмаслиги, “бу буюк урушда курашиш учун” барча имкониятлардан фойдаланиш кераклигини таъкидлаган.

Улар бизни уруш азобига қул қилиб қўймоқчи. Шунинг учун қаршилик кўрсатиш ҳар бир чинакам грузияликнинг, хоҳ собиқ, хоҳ ҳозирги бўлсин ҳар бир президентнинг бурчидир”, — дейди Саакашвили.

27 февраль куни бир гуруҳ шифокорлар Тбилисидаги Вивамеди клиникасида даволанаётган Саакашвилининг аҳволи оғир экани маълум қилди.

Шифокор Гиорги Григолия журналистларга айтишича, агар “сиёсатчининг вазни 55 килограммга тушса, у ҳолда тиклаб бўлмайдиган жараёнлар бошланади, у тўшакка михланиб қолади”. Шифокорнинг таъкидлашича, айни пайтда бўйи 195 сантиметр бўлган Саакашвилининг вазни 64 килограмм, аммо вазн йўқотиш тенденцияси давом этмоқда.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг