14:07 / 27.03.2023
509

Миссисипидаги ҳалокатли торнадо шаҳарни ер билан битта қилди (видео)

Миссисипидаги ҳалокатли торнадо шаҳарни ер билан битта қилди (видео)

Сўнгги маълумотларга кўра, шанба кунига ўтар кечаси АҚШ жанубида кузатилган ҳалокатли торнадо оқибатида Миссисипи ва Алабама штатларида камида 26 киши ҳалок бўлган.

Миссисипи штати ҳукумати фавқулодда ҳолат режимини жорий этди, омон қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Миссисипи штати фавқулодда вазиятлар бошқармаси вайроналар тозалангани сари қурбонлар ва жабрланганлар сони ўсиб боришидан огоҳлантирган.

Табиий офатдан кичик шаҳарчалар ва қишлоқлар энг кўп зарар кўрган. Бундай жойларда дарахтлар қулаган, электр узатиш линиялари узилган, ўн минглаб уйлар электр таъминотисиз қолган.

Кучли ёғингарчилик давомида Миссисипининг жанубий ҳудудларига гольф тўпи ҳажмида дўл тушган.

Шарки округи ғарбида жойлашган ва икки минг киши истиқомат қилган Роллинг-Форк шаҳарчаси деярли тўлиқ ер билан битта бўлган.

«Мен ҳаётимда бунақасини кўрмаганман. Бу ажойиб кичик шаҳарча эди, энди эса у йўқ», деган CNN мухбирига интервюсида маҳаллий аҳоли вакили Бренди Шова.

Торнадо зарбаси жойларга аниқ борган: унинг атрофидаги ям-яшил деҳқончилик ерлари деярли талафот кўрмаган, кучли шамол дарахтларни учириб кетмаган. Аммо торнадо йўлидан чиққан уйлар буткул яксон бўлган.

Торнадо ярим тунда ёпирилган - бу вақтда одамлар ухлаётганди ва тревога сигналларини эшитишмаган. Кўпчилик учун фалокатнинг биринчи белгиси овоз эди.

Франциско Макнайтнинг сўзларига кўра, у мўъжиза туфайли омон қолган. У BBC мухбирига берган интервюсида ўзи учун қандайдир ғалати нарса рўй бераётганини билдирган ягона сигнал шовқин бўлганини айтади - у аввал ҳеч қачон шамолнинг бундай увиллашини эшитмаганди.

У кўчага қараган, кейин эса ваннахонага югуриб, ванна ичига тушиб олган. Унинг сўзларига кўра, шу ҳаракати уни қутқариб қолган.

Унинг уйининг омон қолган қисми - ваннахонанинг икки девори бўлган.

Макнайтнинг сўзларига кўра, торнадо 5-10 дақиқа давом этган. Бу вақтни у ваннада ўтириб ўтказган.

Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, кўпчиликни харобалар остида олиб чиқишга тўғри келган. Шарки округида навбатчиликда бўлган бир неча полициячи бедарак кетган.

«Биз барча нарсасидан айрилган одамлар ухлаши учун бошпана, озиқ-овқат ва тиббий ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдамиз», деган Қизил Хож жамиятининг Алабама ва Миссисипидаги вакили Жон Браун.

Унинг сўзларига кўра, шаҳар айни вақтда ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини эслатмоқда. «Шаҳар шундай кўринишдаки, худди бу ерда бомба портлаган», деган у.

Миссисипи штати губернатори Тейт Ривз Силвер-Сити ва Вайнонга ташриф буюриб, табиий офатдан жабр кўрган аҳоли вакиллари билан учрашди. Ривз твиттердаги саҳифасида юзага келган вазиятни фожиа деб атаган.

АҚШ президенти Жо Байден жабрланган ҳудудлар аҳолисига ҳамдардлик билдирди. У Миссисипидан юракни эзувчи кадрлар келганини айтиб, федерал ҳукумат жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятни ишга солишини маълум қилди.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Миссисипидаги ҳалокатли торнадо шаҳарни ер билан битта қилди (видео)