07:23 / 03.04.2023
295

Украинада урушнинг 402-куни: «Антонов»даги пулемётчилар ва Запорижжяда зарбага учраган қабристон (фото)

Украинада урушнинг 402-куни: «Антонов»даги пулемётчилар ва Запорижжяда зарбага учраган қабристон (фото)

Украинада урушнинг 402-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • АҚШ Украинага 2,6 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда.
  • Россия махсус хизматлари The Wall Street Journal мухбири, ФХХ жосусликда айблаган Эван Гершковични кузатиб келгани маълум бўлди. Журналистнинг ўзи телефони эшитилаётган бўлиши мумкинлигини айтган.
  • Вашингтон барча америкаликларни — «ҳатто журналистлар»ни ҳам — Россиядан кетишга чақирди.
  • Украина ҳукумати Украина проваслав черкови митрополити Киев-Печерск лаври ноиби Павелни (Лебед) Россия босқинини оқлашда гумонламоқда. Унинг уйида тинтув ўтказилган. Суд руҳонийни уй қамоғига жўнатган.
  • Россия бир ой давомида БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилади. Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба буни «халқаро ҳамжамият юзига тарсаки» деб атади.

Бучада ҳалок бўлганларнинг портретлари илинган хиёбон

Киев атрофидаги Буча шаҳри 2022 йил мартида Россия қўшинлари томонидан оккупация қилинганди. 2023 йил 31 март куни, шаҳар озод этилганининг бир йиллигида Украина президенти Володимир Зеленский, шунингдек Молдова президенти Майя Санду, Словакия бош вазири Эдуард Хегер, Словения бош вазири Роберт Голоб ҳамда Хорватия бош вазири Андрей Пленкович оккупация чоғида ҳалок бўлганларни хотирлашди. Буча озод этилганининг бир йиллиги муносабати билан шаҳарда қурбонларнинг портретлари илинган хиёбон очилди.

Бучада Россия оккупацияси чоғида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари портретлари галереяси олдида турган кекса ёшли аёл
Oleksii Chumachenko / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Авдийивкадан эвакуация

Авдийивка — Донецкка шимолий йўлдош шаҳар бўлиб, бу ерда урушга қадар 35 минг киши яшаган. Шаҳар ҳудудининг катта қисмини кимёвий ва металлургия корхоналари банд этган, Украина қуролли кучлари бу ҳудудларда 2014-2015 йиллардаёқ мудофаа истеҳкомлари барпо эта бошлаган — ўшанда ҳудудга жуда яқин жойлашган Донецк аэропорти учун уруш бошидан буён энг муҳим жанглардан бири бўлиб ўтганди.

2022 йилда, кенг кўламли уруш бошлангач, Авдийивка дастлабки штурм ҳаракатларига бардош берди, аммо ўтган йил кузига келиб Россия қўшини шаҳардан жануби-ғарбдаги (аэропорт томон) ва шимоли-шарқдаги (Донецк — Словянск трассаси бўйлари) ҳудудларни эгаллаб олди, бу эса шаҳар қуршовда қолиши хавфини юзага келтирди. Авдийивка ярим қуршов ҳолатида тургани ва хавфсиз ички ҳудудга эга бўлмагани туфайли, Украина қуролли кучлари уни ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари билан ҳимоялаши жуда қийин кечмоқда.

Натижада, шаҳар сўнгги ойларда РФ қуролли кучлари бомбардимончи самолётлар қўллаган ҳолда янги тактикани синовдан ўтказиши учун асосий полигонга айланган. Россия ва Украина манбалари (шунингдек РФ мудофаа вазирлиги) деярли ҳар куни шаҳар ва унинг атрофида рўй берган кучли портлашлар видеоларини эълон қилади. Бомбардимонлар оммавий вайронгарчиликлар олиб келади ва маҳаллий аҳоли эвакуациясини талаб этади.

Авдийивкада яшовчи 73 ёшли Галина Днипрога эвакуация бўлиш учун тез ёрдам машинасида кутмоқда. Эвакуация Донецк полиция бошқармаси ва Украина қутқарув хизмати ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA
 Украина қутқарув хизмати ходимлари Галинани Днипрога борувчи поездга чиқаришмоқда.
Violeta Santos Moura / Reuters / Scanpix / LETA

«Антонов» аэродромидаги украиналик ҳарбий хизматчилар

Кенг кўламли босқиннинг илк куниданоқ «Антонов» аэропорти (Киев атрофидаги бу аэропорт 2000-йилларга қадар «Гостомел» деб аталган) Россия қўшини учун муҳим нишонлардан бирига айланади. РФ қўшини қўшинларни тўғридан тўғри Киевга олиб киришда фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун аэропортни эгаллашга ҳаракат қилади, аммо улкан йўқотишларга учрайди ва барибир қўйилган мақсадга эриша олмайди.

«Гостомел»га ҳужум қурбонларидан бири уникал Ан-225 «Мрия» — авиация тарихидаги энг йирик юк самолёти бўлганди. РФ қуролли кучлари 2022 йил март ойи охирида Киев области шимолидан чекингач аэропортни эгаллаш учун бошқа ҳаракат қилмади, аммо ҳудудга ракета зарбалари беришда ёки дронлар билан ҳужум қилишда давом этди. Украинага ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун яқинда бошқа воситалар қаторида енгил қуроллар — юкхонасига зенит пулемётлари ўрнатилган пикаплар ҳам топширилди.

Киев яқинидаги «Антонов» аэропортида вайрон қилинган Мрия самолёти фонида енгил зенит пулемётлари ўрнатилган пикаплар фонида турган украин ҳарбийлари.
Roman Pilipey / Getty Images
Украиналик ҳарбий Украина армияси Россия томони Украинанинг фронт чизиғидан анча ичкаридаги объектларга зарба беришда фойдаланаётган дронларга қарши курашишни мўлжаллаган зенит пулемётлари қандай ишлашини намойиш этмоқда.
Roman Pilipey / Getty Images
Украина қуролли кучларига етказиб берилган пулемётли пикаплар фонида турган украиналик аскар.
Roman Pilipey / Getty Images

Запорижжя ва Харкив ўққа тутилиши оқибатлари

 Россия қўшини 31 март куни Запорижжя шаҳри бўйлаб ракета зарбалари йўллади. Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати ўққа тутиш оқибатида бешта хусусий уй ва иккита автомобил гаражи шикастлангани, тинч аҳоли вакилларидан икки киши яраланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган. Шунингдек, Первомайский (Жанубий) қабристони зарбага учраган, бу ерда портлашдан ўра ҳосил бўлган.

30 март куни кечқурун Россия ҳарбийлари Харкивни ўққа тутганди. Област раҳбари Олег Синегубовга кўра, шаҳар бўйлаб жами тўққиз ракета учирилган, уларнинг бир қисми ерга тушган ёки ҳавода портлаган. Харкивга ракеталар ҳужуми оқибатида фуқаролик инфратузилмалари объектлари ҳамда хусусий уйлар шикастланган. Уч киши енгил тан жароҳати олган.

31 мартга ўтар кечаси Харкив областидаги Изюм районида инфратузилма объектларига Shahed дронлари орқали ҳам ҳужум уюштирилган. Тинч аҳоли вакилларидан икки киши яраланган.

Запорижжя областидаги кўлдан россияликлар ракетаси қолдиқларини олиб чиқаётган украиналик қутқарувчилар
Andriy Andriyenko / AP / Scanpix / LETA
Запорижжя шаҳридаги Жанубий қабристонга берилган ракета зарбаси оқибатлари.
Dmytro Smolienko / Ukrinform / Abaca / Sipa USA / Vida Press
Запорижжяда ўққа тутилган қабристонда турган тинч аҳоли вакиллари
Kateryna Klochko / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий Харкивда 30 март куни россияликлар ракетаси келиб тушган уйдаги ҳолатни ҳужжатлаштирмоқда
Andrii Marienko / AP / Scanpix / LETA

Оёқ ва қўлларидан айрилган украин аскарларининг тикланиш жараёни

 

Фронтда оёқ ва қўлларини йўқотган украиналик ҳарбий хизматчилар Лвивдаги «Енгилмас» реабилитация марказида — бу базада уруш вақтида жабрланган ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари даволанади.
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

 

Реабилитация марказидаги пациент
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Танкка қарши мина портлаши оқибатида оёғидан айрилган ва юзи куйган 30 ёшли украин танкчиси Илья Пилипенко
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг