Россия президенти Владимир Путин интернетдан фойдаланмайди ва «ахборот бўшлиғида» яшайди, деди Россиядан қочиб кетган Федерал қўриқлаш хизмати («ФСО») капитани Глеб Каракулов 4 апрел, сешанба куни чоп этилган «Досье» марказига берган интервьюсида.
«У ҳақиқатан ҳам интернет ёки (мобил) телефондан фойдаланмайди. Барча маълумотлар фақат яқин одамлардан олинади. У қандайдир ахборот вакуумида яшайди», - дейди Каракулов. Шу билан бирга, Путин қаерда тўхтаса, «Россия» телеканали эфирда бўлиши керак, дея қўшимча қилди у.
«ФСО» ходими, шунингдек, Россия президенти ўзини изоляция қилишда давом этаётганини ва у билан учрашишдан олдин икки ҳафталик карантиндан ўтиш кераклигини айтди. Коронавирус пандемияси бошланганидан бери Путин «жуда чекинди». «У ўзини бутун дунёдан ҳар хил тўсиқлар, карантин, маълумот етишмаслиги билан ҳимоя қилди. Унинг ҳақиқатни қабул қилиш идроки бузилган», деди Каракулов.
2009 йилдан 2022 йил октябр ўрталаригача Глеб Каракулов президентнинг алоқа бўлимида муҳандис бўлиб ишлаган ва Россия давлат раҳбарини махфий алоқа билан таъминлаган. У Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин мамлакатни тарк этган ва урушни қоралаган энг юқори мартабали рус махсус хизмати ходимидир, деб ёзади «Досье». Россияда Каракулов қидирувга берилган, унга нисбатан фирибгарлик учун жиноий иш очилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)