11:14 / 23.05.2023
157

Туркиядаги сайловлар: биринчи турдаги учинчи номзод Эрдўғанни қўллашини маълум қилди

Туркиядаги сайловлар: биринчи турдаги учинчи номзод Эрдўғанни қўллашини маълум қилди

Фото: Туркия президенти матбуот хизмати

Туркия президентлиги учун «ОTA иттифоқи» партиялар блокидан номзод бўлган Синан Ўған президентлик сайловларининг иккинчи турида амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғанга овоз беришга чақирган. Бу ҳақда Hurriyet хабар бермоқда.

Синан Ўған бундан олдинроқ курдлардан воз кечиши эвазига мухолифатчиларга қўшилиши мумкинлигини айтганди.

Эрдўғаннинг иккинчи турдаги рақиби Камол Қиличдорўғли эса твиттердаги саҳифасида бу янгиликка шундай муносабат билдирган: «Ким бу гўзал ватанимизга хиёнат қилиш тарафдори экани аён бўлди. Биз бу мамлакатни терроризм ва қочқинлардан қутқарамиз. Бу референдум. Энди ҳеч ким ҳеч кимни алдай олмайди. Мен овоз беришга келмаган 8 миллион фуқароларимиз ва барча ёшларимизни [унга келишга] чақираман!».

Туркиядаги сайловларнинг биринчи тури 14 май куни бўлиб ўтганди. Амалдаги президент биринчи турда 49,51 фоиз овоз олиб, давлат раҳбарлигида қола олмаганди. Унинг асосий рақиби, мухолифатчиларнинг ягона номзоди Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз овоз олган. Синан Ўғанга сайловчиларнинг 5,17 фоизи – яъни 2,8 млн киши овоз берган.

Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи тури 28 май куни бўлиб ўтади. Туркия  Олий сайлов кенгаши маълумотларига кўра, биринчи турда давомат 88,92 фоизни ташкил қилган.

Ражаб Эрдўған 2014 йилдан буён Туркия президенти ҳисобланади, ундан аввалроқ 2003 йилдан мамлакатни бош вазир сифатида бошқарган.

Туркиядаги президентлик сайловларининг иккинчи тури арафасида ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар натижалари:

Areda Survey

Ражаб Эрдўған – 52,4 фоиз
Камол Қиличдорўғли – 47,6 фоиз

Özdemir

Ражаб Эрдўған – 54,12 фоиз
Камол Қиличдорўғли – 45,88 фоиз.

Энди биринчи турда Ўғанга овоз берганларнинг барчаси иккинчи турда Эрдўғанни қўллайдими?

Яқин Шарқ мавзусида эксперт Руслан Сулаймонов биринчи турда учинчи номзодга овоз берганлар Эрдўғанга қарши қатлам эканига эътибор қаратди.

«Ўған жуда беқарор протестчи электоратга эгалигини инобатга олиш керак. Булар Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси гегемонлигидан чарчаган ва бирлашган мухолифатнинг сўнгги сайловлардаги муваффақиятсизликларидан ҳафсаласи пир бўлган одамлардир.

Шунинг учун, 2,8 млн киши ўз-ўзидан сайловга келиши ва Эрдўғанга овоз беришини кутиш соддалик бўлган бўларди (Қиличдорўғли билан ҳам шундай вазият).

Катта эҳтимол билан, уларнинг аксарияти 28 май куни шунчаки сайловда иштирок этмай қўя қолади», дейди мутахассис.

Шу билан бирга, «ОТА иттифоқи» блокидаги асосий фигура – Zafer Partisi етакчиси Умит Ўздағ ҳали ўз сўзини айтгани йўқ. Ушбу блок тарафдорлари бўлган миллатчилар Эрдўған ва унинг партиясига қарши қатлам ҳисобланади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркиядаги сайловлар: биринчи турдаги учинчи номзод Эрдўғанни қўллашини маълум қилди
ePN