Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида Европа Иттифоқи, АҚШ ва Халқаро жиноят суди (ХЖС) прокурорларини ўз ичига олган халқаро тергов маркази (ICPA) иш бошлади. У Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ жиноятларни тергов қилади. Бу ҳақда Eurojust хабар берди.
«ICPA туфайли турли мамлакатларнинг мустақил прокурорлари ҳар куни бир жойда биргаликда ишлаши, далилларни тез ва самарали алмашиши, тергов ва таъқиб қилишнинг умумий стратегиясини келишиб олиши мумкин бўлади».
Қайд этилишича, марказнинг ташкил этилиши махсус трибунал яратиш йўлидаги биринчи қадамдир, чунки марказ томонидан тўпланган материаллар Украинадаги босқинчилик жинояти бўйича иш қўзғатиш учун асос бўлади.
«Шу билан бирга, ICPA камдан-кам ҳолларда жиноий жавобгарликка тортиладиган ва стандарт амалиётга эга бўлмаган халқаро жиноят билан шуғулланади», дейилади хабарда.
Марказ гумонланувчиларни ҳибсга олиш ёки айблаш ваколатига эга эмас, унинг вазифаси бундай жиноятларни тергов қилишда иштирок этаётган давлатларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва биринчи навбатда ахборот алмашишдан иборат.
Дастлабки босқичда ICPA таркибига Украина билан бирга Литва, Латвия, Эстония, Полша ва Руминия ҳам киради. ICPA терговларида Халқаро жиноят суди томонидан ёрдам берилади.
«Биз Украина тарафида эмасмиз, биз адолат тарафидамиз», деди ХЖС бош прокурори Карим Хон.
Шунингдек, АҚШ ҳам марказ фаолиятига ёрдам бериш учун махсус прокурорни тайинлади ва унинг маълумотлар базасини тўлдириш учун ҳисса қўшади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!