
АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Pfizer фармацевтика заводи штатга торнадо ёпирилган пайтда жиддий зарар кўрди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ, деб хабар бермоқда CNN.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, 19 июль куни штатда содир бўлган торнадо соатига 217 километр тезликда ҳаракатланган.
Торнадо оқибатида Роки-Маунтдаги Pfizer фармацевтика заводи жиддий зарар кўрган. Ижтимоий тармоқларда корхона томи қоғоздек ғижимлангани, автотураргоҳ эса бино вайроналарига тўлиб кетгани акс этган видео тарқалди. Компания маълумотларига кўра, заводда қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Шунингдек, Шимолий Каролинада қулаган дарахтлар штатлараро автомагистрални тўсиб қўйиб, транспорт ҳаракати вақтинча блокланган. Торнадо йўлидаги биноларнинг баъзилари бузилиб кетган. Торнадо пайтида тўрт киши жабрлангани айтилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!