2027 йилдан мактаб дарсликлари янги алифбода чоп этилади

2027 йилдан мактаб дарсликлари янги алифбода чоп этилади

Ўзбекистонда 1-синф дарсликлари 2027 йилдан бошлаб янги алифбода чоп этила бошлайди. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Азизбек Турдиев маълум қилди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, мактаб дарсликлари синфлар кесимида, яъни босқичма-босқич янгиланиб боради. Масалан, 1-синфлар учун дарсликлар ҳар йили янгиланади. 2–4-синфлар учун ўқув китобларини янгилаш даврийлиги уч йилни ташкил этади. 5–11-синфлар дарсликлари эса ҳар беш йилда бир марта янгиланади.

Азизбек Турдиевнинг айтишича, қонун кучга кирганидан кейин, 2027 йилдан бошлаб биринчи синф ўқувчилари учун дарсликлар янги алифбода чоп этилади. Шу билан бирга, 2027 йилдан 2031 йилга қадар барча мактаб дарсликлари тўлиқ янгиланиши режалаштирилган.

«Демак, 2027 йил, кейинги йилдан бошлаб, қонун кучга киргандан кейин, биз биринчи синф дарсликларини шундоқ ҳам янги алифбода чоп этамиз ва ҳозир айтиб ўтганимдек, 2027 йилдан бошлаб 2031 йилга қадар барча дарсликларимиз тўлиқ янгиланади», дейди Турдиев.

Қолган юқори синфлар учун мўлжалланган дарсликлар ҳам ушбу жараён билан параллел равишда босқичма-босқич янгиланиб боради.

Вазир ўринбосарининг билдиришича, мактаб дарсликларини янги алифбога ўтказиш жараёни қўшимча маблағ талаб қилмайди. Бунга дарсликларнинг амалдаги янгиланиш даврийлиги асос бўлади.

Азизбек Турдиев, шунингдек, жорий йилнинг 24–28 август кунлари мактабгача таълим тизимида янги алифбо жорий этилаётгани муносабати билан ўқув семинарлари ташкил этилганини ҳам маълум қилди.

Шу тариқа, янги алифбога ўтиш жараёни таълим тизимида босқичма-босқич амалга оширилиб, аввал 1-синф дарсликларидан бошланади. 2027–2031 йиллар давомида эса барча мактаб дарсликларини тўлиқ янгилаш кўзда тутилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар