date
views 457

Арманистон расман Тоғли Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олди

Арманистон расман Тоғли Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олди

Фото: AFP

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа сиёсий ҳамжамиятининг Гранада (Испания) саммити доирасида Озарбойжоннинг 86,6 минг кв.км. ҳудудини тан олиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бу ҳақда Европа Кенгаши пресс-релизида айтилади. Озарбойжоннинг бу ҳудуди Тоғли Қорабоғ ерларини ўз ичига олади.

Декларация Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шолц ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан имзоланган.

«Томонлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши, суверенитетни, чегаралар ва Арманистон ҳудуди (29800 кв.км.) ва Озарбойжон ҳудуди (86600 кв.км.) дахлсизлигини тан олиш тарафдори», дейилади декларацияда.

Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев саммитда иштирок этмади. Озарбойжоннинг APA агентлиги дипломатик манбага таяниб, томонлар Туркиянинг саммитда иштирок этишига рухсат бермагани учун Озарбойжон музокарадан бош тортганини хабар қилди.

Бироқ, кейинроқ Озарбойжон президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳажиев Озарбойжон президенти Брюсселда Арманистон ва Европа Иттифоқи билан учтомонлама музокараларга тайёр эканини айтди.

19-20 сентябр кунлари Озарбойжон қўшинлари Тоғли Қорабоғ ҳудудини «аксилтеррор чоралари» натижасида тўлиқ назоратга олди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади – бу фармонни унинг президенти Самвел Шаҳраманян имзолаган. Қорабоғ қуролли кучлари ҳам тарқатиб юборилди.

Тоғли Қорабоғда яшаган 125 мингга яқин аҳолининг кўпчилиги ҳудудни тарк этиб, Арманистонга ўтди. БМТ маълумотларига кўра, минтақада улардан 50 дан 1000 га яқин арман қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Арманистон расман Тоғли Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олди