Қўшма Штатларнинг ўнлаб штати, жумладан Калифорния ва Ню-Йорк Meta Platforms ва унга тегишли бўлган Instagram ижтимоий тармоғига қарши судга даъво аризаси берди. Корпорация ёшлар орасида «руҳий саломатлик инқирозини қўзғатиш» ва ижтимоий тармоқларга қарамликни келтириб чиқаришда айбланган.
Окленд (Калифорния штати) федерал судига берилган даъво аризасида 33 штатнинг бош прокурори Meta корпорацияси ижтимоий тармоқларнинг болалар ва ўсмирларга таъсири ҳақида «жамоатчиликни қайта-қайта чалғитгани» ва уларни ўз платформаларидан мажбурий фойдаланишга «била туриб» ундагани айтилади (Meta корпорацияси Facebook ижтимоий тармоғи ва WhatsApp мессенжерига ҳам эгалик қилади).
«Meta ёшлар ва ўсмирларни ўзига жалб қилиш ва охир-оқибат тузоққа тушириш учун кучли ва мисли кўрилмаган технологиядан фойдаланган», дейилади аризада. Штат расмийлари фикрига кўра, корпорация буларнинг барчасини фойда олиш учун қилган. Даъвогарлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш болаларда «депрессия, ташвиш, уйқусизлик, мактаб ва кундалик ҳаётга салбий таъсир ва бошқа кўплаб салбий оқибатлар»ни келтириб чиқариши ҳақидаги тадқиқотларга таянган.
Мурожаатчилар, шунингдек, Meta корпорациясининг ички текширувини ҳам эслатиб ўтган: корпорация раҳбарияти Instagram тармоғининг ўсмирларга салбий таъсири, жумладан, қарамликка ва қизларда ўз ташқи кўринишини идрок этишда муаммоларга олиб келиши мумкинлигини билган. Бу текширув натижалари ҳақида биринчи марта The Wall Street Journal 2021 йил сентябр ойида ёзган эди.
«Meta корпоратив даромадни ошириш учун қарамликни ривожлантириш орқали болалар ва ўсмирларга зарар етказмоқда», деди Калифорния бош прокурори Роб Бонта. Корпорация қароргоҳи айнан шу штатда жойлашган.
Даъвогарлар, шунингдек, корпорацияни 13 ёшгача бўлган болаларнинг маълумотларини йиғишни тақиқловчи қонунни бузганликда, вояга етмаганлар ижтимоий тармоқларда ўз жонига қасд қилиш ёки ўз аъзоларига зарар етказиш ҳақидаги контентни кўриши мумкинлигида айбламоқда.
Meta маълум бир штатдаги турли қонунларнинг ҳар бир бузилиши учун 1 минг доллардан 50 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин. Reuters агентлигининг қайд этишича, миллионлаб болалар ва ўсмирлар Instagram тармоғидан фойдаланиши ҳисобга олинса, бу қиймат каррасига ошади.
Бу хабар ортидан, 24 октябр куни тушдан кейин NASDAQ биржасида корпорация акциялари 0,6 фоизга арзонлашган.
Ўз навбатида, Meta корпорацияси судга берилган даъводан ранжиганини маълум қилди. «Ўсмирлар томонидан қўлланиладиган иловалар учун аниқ, ёшга мос стандартларни яратиш учун соҳа вакиллари билан самарали ишлаш ўрнига, бош прокурорлар ушбу йўлни танладилар», дейилади корпорация баёнотида.
Қайд қилинишича, технологик корпорациялар аллақачон юзлаб шунга ўхшаш суд жараёнларига дуч келишган. Мисол учун, январ ойида Сиэтл мактаблари Meta, Google, TikTok ва Snap устидан судга мурожаат қилишди. Даъвогарларнинг фикрича, бу корпорацияларнинг маҳсулотлари болаларни ўзига қарам қилиш учун махсус ишлаб чиқилган ва улар руҳиятига зарар етказади. Аввалроқ Европада Meta ва унинг ижтимоий тармоқлари обуначилар, жумладан, болаларнинг шахсий маълумотлари билан Европа қонунчилигига мос келмайдиган тарзда ишлагани учун бир неча марта жаримага тортилган эди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг