"Оқшом эртаклари"нинг севимли бошловчиси вафот этди: Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида оламдан ўтди

Ўзбекистон санъатида ўзига хос из қолдирган актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этди. У нафақат театр ва кино саҳнасидаги роллари, балки болалар севиб томоша қилган "Оқшом эртаклари" кўрсатуви орқали ҳам кенг жамоатчиликка танилган эди.
Ёдгора Зиёмуҳамедова "Оқшом эртаклари" кўрсатувини қарийб чорак аср — 25 йил давомида олиб борди. Унинг ижросидаги образ ва овоз кўплаб авлодлар хотирасида сақланиб қолган.
Актриса ўзининг меҳрибон қиёфаси ва саҳнадаги маҳорати билан болалар қалбидан жой олган санъаткорлардан бири эди. Марҳума Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида 34 йилдан ортиқ фаолият юритиб, саҳнада 100 га яқин образ яратган.
У ижро этган машҳур роллар орасида:
-"Қизил шапкача" — Қизил шапка;
-"Зумрад ва Қиммат" — Қиммат;
-"Фарзандим жигарбандим" — Санобар;
-"Сенинг тақдиринг" — Назира;
-"Яраш-яраш" — Покиза;
-"Бургут" — Гулнур;
-"Биринчи муаллим" — Олтиной. Ёдгора Зиёмуҳамедованинг вафоти театр ва санъат жамоатчилиги учун оғир йўқотиш бўлди. У ўзидан бой ижодий мерос ва кўплаб унутилмас образларни қолдирди.
Zamin.uz марҳуманинг оила аъзолари ва яқинлари, шогирдлари, ҳамкасблари ҳамда бутун санъат аҳлига чуқур таъзия билдиради.
Ёдгора Зиёмуҳамедованинг хотираси уни севиб томоша қилган мухлислар қалбида узоқ сақланиб қолади.































Изоҳлар 0
…