date
views 121

Ўзбекистон инглиз тилини «жуда паст даражада ўзлаштирган» мамлакатлар қаторига киритилди

Ўзбекистон инглиз тилини «жуда паст даражада ўзлаштирган» мамлакатлар қаторига киритилди

Ўзбекистон инглиз тилини «жуда паст даражада ўзлаштирган» мамлакат ҳисобланади. Бу ҳақда EF Education First томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларидан (.pdf) маълум бўлмоқда.

Қайд қилинишича, 2023 йилги рейтингда Ўзбекистон 113 та мамлакат ичида 93-ўринни эгаллаган ва инглиз тилини билиш даражаси бўйича Фаластин, Сенегал ва Камерун каби давлатлар орасидан жой олган.

Рейтингда энг яхши кўрсаткични Нидерландия, Сингапур ва Австрия қайд этган. Шунингдек, Дания, Норвегия, Швеция, Белгия, Португалия, Жанубий Африка, Германия, Хорватия ва Грецияда бу тилни билиш даражаси «жуда юқори» сифатида баҳоланган.

EF Education First рейтингни тузишда 2023 йилда EF Standard English Test бепул онлайн тест синовидан ўтган 2,2 миллион кишининг натижаларига таянмоқда. Тўпланган баллар ва фуқаролик маълумотларига асосланиб, компания дунёнинг 113 давлатининг тил билиш даражасини 5 та гуруҳга ажратган: жуда юқори, юқори, ўртача, паст ва жуда паст.

EF Education First тадқиқотчиларининг таъкидлашича, тест синовида қатнашганлар репрезентативликни таъминламайди, чунки унда иштирок этиш ихтиёрий ҳисобланади.

Шаҳарлараро рейтингда Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳам қайд этилган бўлиб, инглиз тилини билиш даражаси «жуда паст» сифатида баҳоланган. «Жуда юқори» натижа Амстердам (Нидерландия), Вена (Австрия) ва Копенҳаген (Дания) шаҳарларида кузатилган.

Ўзбекистон рейтингда иштирок этган Осиёнинг 23 та давлати орасида 19-ўринда бормоқда ва Мўғулистон, Афғонистон, Мянмар каби давлатлардан ҳам ортда.

EF Education First бундай тадқиқотни 2011 йилдан буён ўтказмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистон инглиз тилини «жуда паст даражада ўзлаштирган» мамлакатлар қаторига киритилди