14:36 / 08.03.2024
306

Байден — Путин ва Трампга: биз иттифоқчиларимизни ташлаб қўймаймиз

Байден — Путин ва Трампга: биз иттифоқчиларимизни ташлаб қўймаймиз
Фото: Reuters
АҚШ президенти Жо Байден бўлажак сайловлар олдидан ўзининг сўнгги йиллик нутқи (State of the Union) билан чиқиш қилди ва бу чиқишининг бошланиш қисмини уруш бошлаган Россия раҳбари Путин, шунингдек Доналд Трампнинг НАТО ва АҚШ иттифоқчилари тўғрисидаги баёнотларини танқид қилишга бағишлади.

«Мендан олдинги президент, республикачи собиқ президент Путин нимани истаса, шуни қилиши мумкинлигини айтади. Менимча, бу аблаҳона, хавфли ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат!» — деган Байден.

Йил охирида ўтказиладиган сайловларда Байденга рақиблик қилиши кутилаётган Доналд Трамп яқинда тарафдорлари билан учрашув чоғида гўёки ўз президентлиги даврида Европадаги НАТО аъзоси бўлган давлати раҳбари билан суҳбати ҳақида эслаганди. Ўзининг айтишича, Трамп ўшанда агар бу давлатга Россия ҳужум қилгудек бўлса, Америка унга ёрдам бермаслиги, чунки бу мамлакат НАТОнинг ЯИМнинг 2 фоизини ҳарбий харажатларга ажратиш тўғрисидаги нормативини бажармаганини билдирган.

Байден Трампнинг ўша сўзларидан кейин дарҳол буни «ақлсизлик ва масъулиятсизлик» деб атаганди.

«Биз Путинни тўхтатишимиз даркор! — деди Байден пайшанба куни АҚШ Конгрессидаги ҳар йиллик нутқида. — Агар Қўшма Штатлар Украинани ташлаб қўйса, Украина хавф остида қолади, Европа хавф остида қолади, дунё хавф остида қолади».

«Мен президент Путинга оддий бир гапни айтмоқчиман: биз иттифоқчиларимизни ташлаб қўймаймиз. Биз таъзим қилмаймиз. Мен бош эгмайман!» — дея давом этган Байден.

Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги сўзлар нафақат Демократик партия вакили бўлган конгрессменлар ва сенаторлар томонидан, балки айрим республикачилар томонидан ҳам олқишланган.

Байденни партиядошлари бутун нутқ давомида деярли ҳар бир жумладан кейин ўрнидан туриб қарсак чалишган.

Доналд Трамп бунга ўз услубида жавоб қайтарди.

«У Путинга қарши тургани йўқ, у Украинани Путинга топширди!» — дея ёзган Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ва бу орқали нимани назарда тутганини очиқламасдан.

Трамп кейинги постларида тафсилотларга тўхталмасдан, Байден барча чиқишларида ёлғон гапираётгани, шунингдек у жанубий чегаралар муаммосини ҳал қилишни истамаслиги ва мамлакатни муҳожирлар билан тўлдиришни истаётганликда айблаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё