14:02 / 22.03.2024
350

Россияда иккита қамоқхона ёпиляпти: маҳкумлар жанг қилишга кетган

Россияда иккита қамоқхона ёпиляпти: маҳкумлар жанг қилишга кетган
Фото: РИА Новости
Красноярск ўлкасида иккита қамоқхона «оптималлаштириш ва тежаш мақсадида» ёпилади. Бу ҳақда минтақадаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Марк Денисовнинг 21 март, пайшанба куни вилоят қонунчилик ассамблеяси сессиясида тақдим этилган маърузасида айтилган.

«Бир ташвишли тенденцияни қайд этаман: МҲО (Россиянинг Украинага қарши уруши) шароитида маҳкумлар сонининг бир марталик катта қисқариши кимнидир юқорига пенитенциар муассасаларни ёпиш зарурлиги ҳақида хабар беришга ундади. Бу йил бизнинг минтақамизда бир қатор муассасалар ёпилади. Энг машҳурлари Арейский ва Громадскдаги муассасалардир», - дея Денисовдан иқтибос келтиради «Коммерсант» газетаси.

Россия Федерацияси қамоқхоналари маълумотномасига кўра, Уяр туманидаги Громадск қишлоғида ИК-16 умумий режимли эркаклар ахлоқ тузатиш колонияси ва Емеляновский тумани Арейский қишлоғида ИК-7 эркаклар учун қаттиқ тартибли колония мавжуд. Марк Денисовнинг сўзларига кўра, қамоқхоналарни ёпиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки «ҳамма нарса нормал ҳолатга қайтади, жамиятнинг ижтимоий тузилиши ўзгармаган».

2024 йил январ ойида Жиноят қурбонларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (ҚҚЖ) ҳисобот эълон қилди, унда Украинадан қайтган баъзи афв этилган ўта хавфли жиноятчилар яна оғир зўравонлик жиноятларини содир этаётгани, бу эса жамиятда кескинлик кучайишига олиб келиши айтилган. Россия президентининг махфий фармонлари билан Украинага қарши урушда қатнашганидан кейин судланганларнинг афв этилиши ҳам қурбонлар, ҳам бошқа фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилади, дея таъкидлади ҳисобот муаллифлари.

Украинада жанг қилган маҳкумларни афв этиш

2023 йил ноябр ойида «Агентство» интернет нашри суриштирувни эълон қилди, унга кўра, ўша вақтга қадар Россия раҳбарияти шов-шувли қотилликларни содир этган ва Украинага қарши жангга боришга рози бўлган камида 17 кишини афв этган.

Айни пайтда, «Верстка» нашри ҳисоб-китобига кўра, 2023 йилда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси таркибида Украинадаги жангларда қатнашгани учун афв этилган собиқ маҳкумларга нисбатан 200 га яқин жиноий иш очилган. Ишларнинг аксарияти ўғирлик ва талончилик моддалари бўйича қўзғатилган.

19 март куни Россия Федерацияси Давлат думаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилувчи қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатларда Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига, шунингдек, ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Енгиллик унча катта бўлмаган ёки ўртача оғирликдаги жиноят содир этган ва тергов ёки судда бўлганларга, шунингдек, судланганларга нисбатан қўлланади.

Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузилса, гумон қилинувчи шахсларнинг жиноят иши тўхтатилади, реал муддатга ҳукм қилинганлар жазоси эса шартлига алмаштирилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё