13:37 / 08.05.2024
250

Дунёдаги энг кўп миллионерлар яшайдиган шаҳарлар эълон қилинди

Дунёдаги энг кўп миллионерлар яшайдиган шаҳарлар эълон қилинди
Фото: CNBC
Henley & Partners компанияси Nеw World Wealth таҳлилий компанияси билан биргаликда “Дунёдаги энг бой шаҳарлар—2024” ҳисоботини тақдим этди. Унда шаҳарларда яшовчи миллионерлар, центимиллионер ва миллиардерлар сони инобатга олинган.

АҚШнинг 11 та шаҳри Топ 50ъга кирган, Нью-Йорк энг бой шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллаган. Шаҳарда 349 500 нафар миллионер, 744 нафар центимиллионер ва 60 миллиардер истиқомат қилади. Иккинчи ўринни Сан-Франциско (305 700 миллионер) олган. Кучли учликни 10 йил аввал рўйхатда биринчи бўлган Токио (298 300 миллионер) якунлаган. Ўн йил ичида Токиода бадавлат кишилар сони 5 фоизга қисқарди.

Сингапур шаҳрида сўнгги ўн йил ичида илк бор бадавлат инсонлар сони 64 фоизга ўсди, натижада шаҳар 4-ўринга кўтарилди. Биргина 2023 йилда Сингапурга 3400 нафар бадавлат киши кўчиб ўтган: шаҳарда ҳозир 244,8 минг миллионер, 336 центимиллионер ва 30 миллиардер истиқомат қилади.

Рейтингда Москва 30 300 миллионер, 207 центиллионер ва 23 нафар миллиардер билан 38-ўринни эгаллади. Henley & Partners бош директори Йорг Штеффеннинг таъкидлашича, сўнгги йилларда молиявий бозорлардаги кўрсаткичлар шаҳарларда фаровонлик ўсишининг асосий омили бўлди.

S&P 500 индексининг 24 фоизга ўсиши, Насдақ индексининг 43 фоизга ўсиши, шунингдек, Bitcoin қийматининг 155 фоизга ошиши капитал ошишига ёрдам берди. Бундан ташқари, сунъий интеллект, робототехника ва блокчейн соҳасидаги тезкор ютуқлар бойлик орттириш ва тўплашни кенгайтирди. Шунга қарамай, янги имкониятларнинг пайдо бўлиши эски рискларни бекор қилмади – сўнгги бир йил ичида Москвада миллионерлар сони 24 фоизга камайди”, — дейди Йорг Штеффен.

Хитой миллионерлари

Хитой шаҳарлари рейтингда асосий ўринни эгаллайди, Пекин (125 600 миллионер) сўнгги ўн йил ичида миллионерлар сонининг 90 фоизга ўсиши натижасида биринчи марта Топ 10 таликка кирди. Кейинги ўринларни Шанхай (123 400), Шэньчжэнь (50 300), Гуанчжоу (24 500) ва Ханчжоу (31 600) эгаллаган.

Шэньчжэнь бойиш бўйича дунёдаги энг тез ўсаётган шаҳар бўлиб, сўнгги ўн йил ичида миллионерлар сони 140 фоизга ошган. Бу вақт мобайнида Ханчжоуда миллионерлар сони 125 фоизга, Гуанчжоуда 110 фоизга кўтарилган.

Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари

Монако супер бойлар учун дунёдаги энг яхши жой бўлиши мумкин. Ўртача бойлик даражаси 20 миллион доллардан ошади, Монако аҳоли жон бошига тўғри келадиган бойлик бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Аҳолининг 40 фоиздан ортиғини миллионерлар ташкил қилади — бу дунёнинг ҳар қандай шаҳридаги энг юқори кўрсаткичдир. Монте-Карло, шунингдек, дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринда туради, уйларнинг нархи ҳар метр квадрат учун 35 000 доллардан ошади.

Ҳашаматли кўчмас мулкнинг ўртача нархи бўйича Нью-Йорк иккинчи ўринда (м² учун 28 400 доллар), ундан кейин Лондон (м² учун 26 500 доллар), Гонконг (25 800 доллар), Сен-Жан-Кап-Ферра (25 000 доллар) ва Сидней (22 700 доллар) туради.

Henley & Partners компаниясининг хусусий мижозлар билан ишлаш раҳбари Доминик Волекнинг айтишича, дунёнинг 10 та энг бой шаҳарларидан 7 таси резидентлик ёки фуқаролик эвазига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни фаол рағбатлантирадиган инвестицион миграция дастурларига эга.

Инвестиция орқали Нью-Йорк, Сингапур, Сидней, Вена ва Дубай каби шаҳарларда яшаш, ишлаш, ўқиш ва сармоя киритиш ҳуқуқини таъминлашингиз мумкин. Оилангизни ёки бизнесингизни янада қулайроқ шаҳарга кўчириш ёки дунёнинг турли шаҳарларидан бирини танлаш имконияти хусусий мижозлар учун меросни режалаштиришнинг тобора муҳим жиҳатига айланмоқда.

Оила қанчалик кўп юрисдикцияга эга бўлса, уларнинг активлари шунчалик кўп диверсификацияланади, улар мамлакат ва минтақавий хавф-хатарларга шунчалик камроқ дуч келади ва кўп имкониятлардан фойдаланади. Худди шундай, шаҳарлар ва давлатлар инвестицион миграциясидан дунёнинг энг бой ва иқтидорли одамларини жалб қилишда молиялаштириш механизми сифатида фойдаланиши мумкин
”, — дейди Доминик Волек.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёдаги энг кўп миллионерлар яшайдиган шаҳарлар эълон қилинди