15:17 / 30.07.2024
25

Сиёсатшунос: “Эроннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлари ўзгаришсиз қолади”

Сиёсатшунос: “Эроннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлари ўзгаришсиз қолади”
Фото: жоурнал-нео.су
Эроннинг янги тайинланган президенти Масъуд Пезешкиён даврида Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар ўзгаришсиз қолади. Бу ҳақда Москва Халқаро тадқиқотлар университети профессори Александр Князев берган хулосаларга асосланиб, “Независимая газета” нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, Пезешкиён давридаги Эрон Марказий Осиёга нисбатан кайфият ўзгаришини ифода этмайди. Чунки мамлакатда, ҳеч шубҳасиз, Иброҳим Раисий бошлаб берган курс давом этади.

Айни дамда Марказий Осиё етакчилари орасида янги етакчи Пезешкиённи яқиндан “билиб олиш”га қизиқиш кучайган. Яқин орада Эрон етакчисининг Остона, Тошкент, Душанбе ва Бишкекка ташрифлари ҳам амалга оширилиши мумкин.

Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Масъуд Пезешкиённи 30 июль куни расман президент лавозимига тасдиқлаши айтилган. Инаугурация маросими Теҳронда, парламент биносида юқори мартабали амалдорлар ва илоҳиёт олимлари иштирокида бўлиб ўтиши белгиланган.

Хабарда айтилишича, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов янги ҳукумат билан аллақачон илиқ муносабат ўрнатган. Бу Эрон томонининг ҳам дўстона ҳамкорликка тайёрлиги билан изоҳланган. Туркманистон деярли бутун Марказий Осиё учун Эрон ва Форс кўрфази йўналишида дарвоза ҳисобланади. Шу боисдан ҳам бу мамлакат Теҳроннинг шимоли-шарқий қўшниларига нисбатан юритадиган стратегик йўналишини ўзига мослаштиришни хоҳлайди.

Масъуд Пезешкиён лавозимга киришиш арафасида эълон қилган “Янги дунёга хабарим” мақоласида Эроннинг келажакдаги ташқи сиёсати контурларини белгилаб берган. Ушбу мақолани таҳлил қилган мутахассислар фикрича, Эроннинг стратегик йўналиши ўзгартирилмайди, балки унинг векторлари тармоқланади — мамлакат кўп қиррали бўлишга ва янги ҳамкорлар топишга интилади.

Масуд Пезешкиён, агар уринса ҳам, Эроннинг стратегик ривожланиш йўналишини ўзгартира олмайди. Мамлакат тараққиёт курси олий раҳнамо (Али Хоманаий) розилиги билан марҳум Иброҳим Раисий президентлиги даврида асос солинган. Уни ўзгартиришга президентнинг сиёсий иродаси етмайди”, деган воқеага ўз муносабатини билдирган Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Москва давлат халқаро алоқалар институти, халқаро тадқиқотлар маркази етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Александр Князев.

Экспертнинг фикрича, Пезешкиён сайловолди шиорлари ва сайловчиларни жалб қилишга қаратилган баёнотларини, ваъдаларини амалга оширишга ҳаракат қилиши ҳақиқатдан йироқ. Унинг ўзи президентликка тайинланса, олий раҳнамо белгилаб берган йўналишдан боришини бир неча бор таъкидлаган.

Иккинчидан, Эрон сиёсий тизимининг ўзи жуда кўп чекловлар ва мувозанат асосида ишлайди. Президентнинг айрим қарорлари парламент томонидан рад этилиши мумкин, чунки парламентда кўпчилик олий раҳнамо курси тарафдори.

Пезешкиённинг сайловолди ваъдаларини амалга ошириш ҳамда ички ва ташқи сиёсатда олий раҳнамо томонидан белгилаб қўйилган қизил чизиқлардан ўтиш қобилиятига нисбатан маълум бир шубҳа бор”, деган Князев.

Иброҳим Раисий илгари белгилаб берган “Шарққа назар” стратегияси Эрон ташқи сиёсати концепциясининг муҳим қисми бўлиб қолишига урғу берилган. Эрон ривожланаётган кўп қутбли дунёнинг муҳим иштирокчиларидан бири экани, унинг позицияси Эрон конституциясида белгилаб қўйилгани ҳамда мамлакат президенти фақатгина ижро этувчи ҳокимият раҳбари эканлиги мавжуд сиёсий курсни ўзгартиришга монелик қилиши таҳлилларда келтирилган.

Янги президент, эксперт фикрича, биринчи навбатда Эроннинг ички ҳаётига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани Эрон жамияти манфаатларидан келиб чиқиб бошқаришга имкон қадар кўпроқ эътибор қаратиши керак. Чунки Эрон рақиблари эронликлар ва уларнинг ўз ҳукумати ўртасида кескинлик яратишга уриниши мумкин.

Масъуд Пезешкиён сайловолди нутқларида амалда қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси, ядровий келишув муаллифи Жавад Зарифни ташқи ишлар вазири этиб тайинлаш мақсадлари ҳақида гапирди. Бироқ, Ҳасан Руҳоний президентлиги даврида мамлакат манфаатларига етказилган барча зарарлардан сўнг, парламент ҳам, бошқа конституциявий органлар ҳам бундай тайинланишга рози бўлишлари даргумон.

АҚШ раҳбариятида ҳам Эрон билан қарама-қаршиликни давом эттириш учун кўплаб сабаблар мавжуд. Ҳеч ким кутмаган янги “ҳаракатлар режаси” эса томонлар келишуви масаласини бутунлай нореалликка айлантириб қўйиши мумкин. Қўшма Штатлар Эроннинг бутун ривожланиш модели ва давлат тузилишини ўзгартиришни хоҳлайди, ядровий битимдан эса фақат халқаро жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш воситаси сифатида фойдаланади.

АҚШнинг позицияси Американинг ўзида бўлажак президентлик сайловлари натижаларидан қатъи назар, ўзгаришсиз қолади. Агар Дональд Трамп кузда АҚШда ғалаба қозонса, биз Американинг Эронга нисбатан сиёсати янада қаттиқлашишини кутишимиз мумкин бўлади
”, — деган тадқиқотчи Князев.

Манбага кўра, Эроннинг Марказий Осиёдаги юритадиган сиёсати аввало Туркманистон билан алоқаларда акс этади. Бунинг ифодаси сифатида икки мамлакат ўртасида имзоланган 10 миллиард куб метр ҳажмида газ етказиб бериш лойиҳасини келтириш мумкин. Бундан ташқари Россиянинг Газпром компанияси ҳам Туркманистондан транзит сифатида фойдаланиб, Эронга чиқиш имконига эга бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сиёсатшунос: “Эроннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлари ўзгаришсиз қолади”