09:24 / 02.08.2024
23

Германия президенти Варшавада нацистларнинг қилмишлари учун кечирим сўради

Германия президенти Варшавада нацистларнинг қилмишлари учун кечирим сўради
Фото: Friedemann Kohler/dpa/picture alliance
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер 1 август куни нишонланган Варшава қўзғолонининг 80 йиллиги арафасида поляклардан Иккинчи жаҳон уруши даврида миллий социалистлар жиноятлари учун кечирим сўради. 31 июл куни Полша пойтахти марказий майдонида юзлаб тингловчилар ва Полша президенти Анжей Дуда иштирокида ўтказилган хотира тадбирида Германия давлати раҳбари қўзғолоннинг омон қолган иштирокчиларига мурожаат қилиб: «Бугун ва шу ерда кечирим сўрайман», деди.

«Биз немислар қўшни давлатга қандай беҳисоб азоб-уқубатларни келтирганимизни, немис оккупантлари бутун аҳолига қандай шафқатсизлик билан ҳаракат қилганини унутмаслигимиз керак», деб таъкидлади Штайнмайер. Миллий социалистларнинг империализми ва ирқчилиги қўзғолон иштирокчилари қарши чиққан «даҳшатли жиноятларга» олиб келди, дея қўшимча қилди у. Ўтмишдан келажак учун сабоқ олиш зарур, деди Германия президенти.

Берлин ва Варшава ўртасидаги муносабатлар ҳақида

Варшава қўзғолони икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида «энг шафқатсиз боблардан бири» бўлиб, «Полша тарихидаги энг катта қаҳрамонликлардан бири» бўлди, деди Штайнмайер. «Бу ўз-ўзини тасдиқлаш иродаси, эркинликни жангсиз қўлга киритишга йўл қўймаслик истагининг намунасидир», дея қўшимча қилди Германия президенти «ўлимдан нафратланган аскарларнинг жасорати»ни эслатиб.

Германия давлати раҳбари поляклар ва немисларнинг яхши қўшни бўлиб қолганини «деярли мўъжиза» деб атади. Бу нуқтага борадиган йўл узоқ эди, деб тан олди Штайнмайер. Энди Берлин ва Варшава «қўшниларимиз ва дўстларимиз манфаатлари йўлида бирдамлик ва тинчликда ҳаракат қилиш» мажбуриятини олди, деди у.

«Бу кун бизни ҳам қуйидагиларга мажбур қилади: энди ҳеч қачон адолатсизлик ва эркинликка йўл қўймаслик, Европада тажовуз ва оккупацияни қабул қилмаслик», - дея таъкидлади Германия президенти Россиянинг Украинага қарши қуролли ҳужумини эслатиб. Россия «Украинани йўқ қилмоқчи ва барчамизга таҳдид солмоқда», дея қўшимча қилди Германия давлат раҳбари.

Берлинда нацистларнинг полшалик қурбонлари хотирасига ёдгорлик ўрнатилади

Франк-Валтер Штайнмайер 1994 йилда Роман Ҳерцогдан кейин Полша халқи учун муҳим хотира кунида миллий социалистларнинг жиноятлари учун поляклардан кечирим сўраган иккинчи Германия президентидир.

Варшавага ташрифи чоғида Штайнмайер Германия ҳукуматининг Берлинда Полша миллий социализм қурбонлари хотирасига ёдгорлик яратиш режалари ҳақида гапирди. Икки давлат расмийлари бу борада яқиндан алоқада, дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Германия президенти Полша учун тўланиши мумкин бўлган товон пули ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. Доналд Туск бошчилигидаги Полша ҳукумати аввалроқ Германияни Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлардан кўрилган йўқотишлар учун молиявий компенсация беришга чақирган эди. Расмий Берлин товон тўлаш масаласини қонуний равишда ёпиқ деб ҳисоблайди.

Варшава қўзғолони

Варшава қўзғолони 1944 йил 1 августда бошланди. У яширин Крайова армияси қўмондонлиги ва қувғиндаги Полша ҳукумати вакиллари томонидан ташкил этилган.

Қўзғолон 63 кун давом этди ва 2 октябрда бостирилди. Икки ойлик шафқатсиз жангларда 200 мингга яқин одам ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти тинч аҳоли эди ва Варшава деярли бутунлай вайрон бўлди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германия президенти Варшавада нацистларнинг қилмишлари учун кечирим сўради