17:57 / 06.10.2024
24

Илон Маск Трампни қўллаб-қувватлади: «У ғолиб бўлиши керак»

Илон Маск Трампни қўллаб-қувватлади: «У ғолиб бўлиши керак»
АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлган Доналд Трамп сайловолди митингларини давом эттириш учун Пенсилвания штатидаги Батлер шаҳарчасига қайтди, 13 июл куни айнан шу ердаги митингда унга суиқасд уюштирилганди.

Митингда у билан бирга Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск иштирок этиб, йиғилганларни 5 ноябр кунги сайловда Трампни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бундай сайловолди шоуси Трампга Пенсилвания сайловчиларининг овозини олиб келишда ёрдам бериши мумкин — бу энг катта иккиланувчи штат бўлиб, бу ҳудудда ўтказилган сўровларга кўра, ҳозирча унинг рақиби, вице-президент Камала Ҳаррис устунлик қилмоқда.

«Мен бу ерда аввал ҳам айтганимдек…» — Доналд Трамп шанба куни Пенсилвания штати Батлер шаҳридаги чиқишини шу сўзлар билан бошлади. Ўқ ўтказмайдиган ойна ортида туриб уни тинглаётганлар бу ҳазилга қарсак чалишди. Трамп 13 июл куни ҳам Батлерга келганди — ўшанда унинг ҳаётига суиқасд амалга оширилганди.

Уни 20 ёшли Томас Мэтю Крукс ўққа тутганди. Унинг ўқлари хато кетган, улардан бири фақат Трампнинг қулоғини енгил тирнаб ўтганди. Крукс президентни қўриқлашга масъул бўлган Махфий хизмат ходимлари отиб ташлашидан олдин Трамп тарафдорлари бўлган кишилардан бирини ўлдиришга ва яна икки кишини оғир ярадор қилишга улгурганди.

Трамп ўша кун ҳақида эсларкан, унинг учун «вақт 15 сонияга тўхтаб қолгани»ни айтади. У ўзига ўқ узган шахсни «шафқатсиз махлуқ» ва «тийиқсиз ёвузлик маҳсули» деб атаган.

Ўтган вақт мобайнида собиқ президент ва президентликка номзод ҳаётига яна бир суиқасд амалга оширилди, аммо Флорида штатидаги ҳолатда унга ўқ узилмади, қўриқчилар жиноятчини пайқаб қолишгач, у қочиб кетди, кейинроқ ушланди.

Пенсилванияда мерганлар унинг хавфсизлигини таъминлаган, умуман, Батлердаги митинг жойида қўриқлаш сезиларли даражада кучайтирилган.

«Бу ажойиб инсон!»

Трампнинг Батлердаги митингда қилган нутқи одатий баёнотлар ва ваъдалардан иборат бўлди: «коррупциялашган тизим» билан курашиш, АҚШ ташқи сиёсатига «ҳурмат»ни тиклаш, Америкага жиноятчилар кириб келаётган «очиқ чегаралар»ни ёпиш.

У ўз нутқини «Америка орзусини қайтариш» ва «ҳар бир оилага фаровонлик» ваъдаси билан якунлади.

Шунингдек, Трамп бир неча бор июлдаги суиқасдни ёдга олиб ўтди, жумладан, ўз сиёсий рақиблари тўғрисида фикр билдириш асносида уларни ўзига «туҳмат қилиш»да ва «балки, ҳатто ўлдиришга ҳам ҳаракат қилган бўлиши мумкинлиги» ҳақида гапирган.

Трампнинг Батлерда йиғилган тарафдорлари унинг бу сўзларини ҳам олқишлар билан қаршилаган.

Аммо митингда Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси, Х платформаси (собиқ твиттер) эгаси Илон Маск Батлердаги трибунада пайдо бўлгани ҳам катта таассурот қолдирди, Трамп уни «бизга ақл бовар қилмас келажакни қуришда ёрдам берадиган ажойиб инсон… у сўз эркинлигини сақлаб қолди ва бошқа кўплаб ажойиб нарсалар яратди» деб таништирган.

Alex Brandon / AP / Scanpix / LETA
Бу Маск Трампнинг сайловолди тадбирларида илк бор кўриниш бериши бўлди. У Батлерга бормоқчилиги ҳақида Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзганди. «Қўллаб-қувватлаш учун бораман», — дея у Трампнинг Батлерга «тарихий қайтиш» ҳақидаги хабарини ретвит қилиш орқали Пенсилванияга сафари ҳақида анонс берганди.

«Президент Трамп Конституция ва Америкадаги демократияни сақлаб қолиш учун сайловда ғолиб чиқиши керак. У ғалаба қозониши лозим», — деди Маск ва келганларнинг барчасини овоз беришда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтишга чақирди ва бу сайлов «ҳаётимиздаги энг муҳими бўлиши мумкин» деди. У Батлерда Трампга қилинган суиқасдни «чинакамига характер синови» деб атаган.

У шунингдек, агар Трамп ғолиб бўлмаса, «бу сўнгги сайловлар бўлиб қолиши»ни айтган. Ўз чиқиши вақтида Маск Трампнинг «Make America Great Again» сайловолди шиори ёзилган кепка кийиб олганди.

Еттита «жанг майдони»

Пенсилвания — 5 ноябр куни АҚШ президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларда муҳим штатлардан бири ҳисобланиб, таҳлилчилар сайловлар тақдири айнан шу ерда ҳал бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Пенсилвания овоз бериш натижаларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган иккиланувчи штатлардан биридир, бу ердаги сайловчилар бир сафар республикачиларга овоз берса, кейинги сафар демократларни қўллайди.

Бундай штатлар сони еттита: Пенсилваниядан ташқари, Аризона, Висконсин, Жоржия, Мичиган, Невада ва Шимолий Каролинада ҳам сайловчилар олдиндан ҳеч бир партияга мойиллик билдирмайди. Номзодлар ҳам сайлов кампаниясининг охирги қисмида айнан шу ҳудудларга эътибор қаратиб, катта ресурс сарфлайди: энг кўп митинглар шу штатларда ўтказилади, телевизион рекламага энг кўп маблағ сарфланади. Бу штатларни battleground — «жанг майдони» деб ҳам аташади.

Сўнгги ижтимоий сўровлар ушбу штатларда Трамп ва Камала Ҳаррис ўртасидаги фарқ жуда кичиклигини кўрсатган, Пенсилванияда расман Ҳаррис олдинроқда бўлса-да, у Трампни атиги 1 фоизга ортда қолдирмоқда.

Демократлар номзоди ҳам шанба куни иккиланувчи штатлардан бири — Шимолий Каролинада митинг ўтказди, у «Ҳелен» тўфонидан жабрланган одамларга ёрдам кўрсатаётган кўнгиллилар билан учрашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Илон Маск Трампни қўллаб-қувватлади: «У ғолиб бўлиши керак»