16:15 / 28.11.2024
22

Қозоғистонда Путин ташрифи пайти кўчадаги экранда Украина байроғи пайдо бўлди

Қозоғистонда Путин ташрифи пайти кўчадаги экранда Украина байроғи пайдо бўлди
Фото: Видеодан кадр
Россия президенти Владимир Путиннинг Остона шаҳрига ташрифи чоғида кўчадаги экранда Россия байроғи ўрнига Украинаники пайдо бўлди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 27 ноябрь куни содир бўлган ва тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалган. LED-экран тез орада ўчирилган, у 28 ноябрь куни ҳам ишламаяпти. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги реклама конструкцияси “Керуэн Медиа” МЧЖга тегишли эканини айтди.

"Ҳозирда ҳодисанинг барча эҳтимолий вариантлари, жумладан, техник носозликлар билан боғлиқ тахминлар, шунингдек, компания ускуналарининг ишлаши жараёнларига ташқи ноқонуний аралашув эҳтимоли кўриб чиқилмоқда", дейилади хабарда.

Полиция айбдорлар жавобгарликка тортилишига ваъда берди. Қозоғистон Давлат техник хизмати эса LED-экран хакерлар ҳужуми оқибатида бузилганини маълум қилди.

"27 ноябрь куни Остонадаги LED-экранлардан бирида кўрсатилаётган байроқ тасвирининг қисқа муддатга ўзгартирилиши ҳолати қайд этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум прокси-серверлардан фойдаланган ҳолда хорижий IP-манзиллардан амалга оширилган", дейилади хабарда.

Бошқарма ҳозирда буни аниқлаш учун “комплекс техник чора-тадбирлар ўтказилаётгани”ни маълум қилди.

Путин 27 ноябрь куни Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. У Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди.

Бугун, 28 ноябрь куни Остона шаҳрида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммити бўлиб ўтмоқда. Унда ташкилотга аъзо давлатларнинг етакчилари қатнашмоқда. Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян унда иштирок этишдан бош тортган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда Путин ташрифи пайти кўчадаги экранда Украина байроғи пайдо бўлди