08:02 / 20.12.2024
26

Ироқ мамлакатдан қочган қарийб 2 мингта ҳарбийни Сурияга қайтарди

Ироқ мамлакатдан қочган қарийб 2 мингта ҳарбийни Сурияга қайтарди
Сурия ҳарбийлари / Архив
Фото: Depositphotos

Ироқ ҳукумати мухолифат қуролли кучлари ҳужуми пайтида мамлакатдан қочиб кетган 1900 дан ортиқ ҳарбийни Сурия томонига топширди. Бу ҳақда Ироқ ҚК Бирлашган оператив қўмондонлиги маълум қилди.

Баёнотда айтилишича, 19 декабрь куни эрталаб “аксар Сурия кучлари билан ҳамкорликда 1905 нафар Сурия зобити ва уларга алоқадор шахслар Эл-Қайим чегара постида Сурия кучларига расман топширилди”. Ироқ ҳарбий қўмондонлигига кўра, икки давлат чегарасидаги “Бу-Кемал” назорат-ўтказиш пунктида ишлаган 36 киши Сурияга қайтиб келган.

Сурия ҳарбийлари Дамашқдаги янги ҳокимиятнинг илтимосига кўра ватанига жўнатилди ва қайтишдан олдин тегишли ёзма розилик берди. Ироқ томони Суриянинг амалдаги ҳукуматини қайтиб келган ҳарбий хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларни афв этиш ва оилаларига қайтаришни кафолатлашга чақирди.

“Ал Ватан” нашри, шунингдек, Сурия ҳукумати Дайр аз-Зор вилоятидан Ироқ ҳудудига қочиб кетган 2,4 минг нафар суриялик ҳарбий хизматчиларни қайтариш ниятида эканлигини маълум қилди. Қайд этилишича, Сурияни назорат қилаётган қуролли мухолифатнинг бирлашган кучлари бош қўмондонлиги Ироқ ҳукумати билан Ироқ ҳудудига яширинган аскарлар ва зобитларни топшириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Суриядаги вазият

Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.

Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган.

Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.

10 декабрь куни Идлиб шаҳрида исёнчиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидение мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ироқ мамлакатдан қочган қарийб 2 мингта ҳарбийни Сурияга қайтарди