
Фото: Mutsa Murombedzi/Twitter
Зимбабведа шерлар яшайдиган қўриқхонада беш кун давомида қолиб кетган саккиз ёшли бола тирик ҳолда топилди, деб хабар беради BBC.
Мамлакат парламенти аъзосининг сўзларига кўра, Тинотенда Пуду исмли бола уйидан 23 километр узоқликдаги Матусадона қўриқхонасига сайрга борган. Қўриқхона ичида адашиб қолган бола беш кун давомида шерлардан яшириниб, ёввойи меваларни тановул қилган ҳолда омон қолган.
Таъкидланишича, Матусадона қўриқхонасида 40 га яқин шер мавжуд. African Parks маълумотларида келтирилишича, ушбу қўриқхона қачонлардир Африкадаги шерларнинг энг зич популяцияси кузатилган маскан бўлган.
Бола тирик қолиш учун ёввойи табиатда жон сақлаш бўйича билимларини ишга солган. Тинотенда ичимлик сув олиш учун таёқ ёрдамида қуруқ дарё ўзанларида кичик қудуқлар қазиган — бундай усулни у қурғоқчил ҳудудда яшагани боис ўрганган.
Няминями маҳаллий жамоати аъзолари қидирув гуруҳини ташкил этиб, ҳар куни дўмбира чалган ҳолда боланинг уйга қайтишига имкон яратган. Охир-оқибат болани қўриқхона кузатувчилари топишга муваффақ бўлган.
Депутатнинг сўзларига кўра, ёввойи табиатдаги «саёҳати»нинг бешинчи кунида Тинотенда машина овозини эшитиб қолган ва у томон югуриб борган.
Қўриқхона майдони 1470 километр квадратдан ортиқни ташкил этиб, у ерда зебралар, филлар, бегемотлар, шер ва антилопалар яшайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг