21:48 / 20.01.2025
86

Байден Трамп «қасос олиш» билан таҳдид қилган шахсларни олдиндан афв этди

Байден Трамп «қасос олиш» билан таҳдид қилган шахсларни олдиндан афв этди
Фото: AP
Жо Байден 20 январ куни АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг собиқ раҳбари Марк Милли, мамлакатнинг собиқ бош инфекционисти Энтони Фаучи, 2020 йил январда Капитолийга уюштирилган ҳужумни тергов қилган Вакиллар палатаси қўмитаси аъзолари ва ходимларини афв этди.

Қайд этилишича, бу билан Байден АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп администрацияси томонидан ушбу шахсларнинг «сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиниши»га қарши турмоқчи.

«Одамлар ҳатто ҳеч қандай ёмон иш қилмаган ва аслида тўғри йўл тутган бўлса-да, охир-оқибат оқланаётганига қарамай, тергов ёки суд таъқиби фактининг ўзи уларнинг обрўси ва молиявий аҳволига мислсиз зарар етказиши мумкин», — деган Байден.

Жо Байден ҳали тергов бошланмаган шахсларни афв этишни режалаштиргани ҳақида Associated Prses манбалари хабар берганди. Агентликнинг ёзишича, Доналд Трампга қарши чиққанларга жиноий иш очиш билан таҳдид қилган бўлажак администрациядан «қўрқувга тушган айрим собиқ амалдорлар Оқ уйга мурожаат қилган».

Хусусан, COVID-19 пандемияси вақтида мамлакатдаги вазиятни мувофиқлаштиришга ёрдам берган Энтони Фаучи Доналд Трампнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги зарур чора-тадбирлар тўғрисидаги баёнотини қўллаб-қувватлашдан бош тортган.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун қамалган қарийб 2,5 минг кишини афв этганди. Декабр охирларида эса АҚШ президенти федерал судлар томонидан ўлимга ҳукм қилинган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг