
АҚШ қамоқхоналарида узоқ вақт ёлғизликда бўлган маҳбусларга атроф-муҳитга мослашишга ёрдам бериш мақсадида виртуал реаллик технологиясидан фойдаланиш имконияти яратилмоқда. The Guardian нашрининг хабар беришича, бу дастур маҳбусларнинг жамиятга қайтиш жараёнини енгиллаштиришга қаратилган.
Дастур ахлоқ тузатиш муассасаларининг умумий ҳудудларида амалга оширилади. У ерда махсус темир қафаслар ўрнатилиб, ичига стул қўйилади. Маҳбуслар шу қафасларга киритилади ва уларга тор шароитларга мослаштирилган виртуал реаллик қурилмалари тақдим этилади.
Етти кунлик интенсив дастур давомида маҳбуслар ҳар куни тўрт соат давомида турли саҳналарни бошдан кечиради. Уларга кундалик ҳаёт манзаралари, шунингдек, Парижга саёҳат ёки парапланда учиш каби саргузаштлар намойиш этилади.

Фото: The Guardian
Кун охирида иштирокчилардан ўз ҳис-туйғуларини театр, шеърият ёки расм чизиш орқали ифодалаш сўралади.
"VR (виртуал реаллик) жароҳатлар ва ҳис-туйғуларни келтириб чиқаради — кейин эса санъат ўзгаради", деб тушунтирди дастур ташкилотчиси бўлган Creative Аcts компанияси асосчиси Сабра Уильямс.
Creative Аcts хулқ-атворни ўзгартириш ҳамда маҳбусларни озодликка тайёрлашда санъатдан фойдаланади. У Велли штати қамоқхонаси, Керн водийси қамоқхонаси, Коркоран штати қамоқхонаси ва Марказий Калифорния аёллар муассасасида VR дастурларини амалга оширмоқда.
Уильямс виртуал реалликни қамоқхоналарга жорий этиш фикрига 5 йил олдин келган. 2018 йилда Creative Аcts ташкилотига асос солганидан сўнг, у узоқ йиллар қамоқда бўлган одамларнинг озодликка чиққанида ўзини бегона сайёрага тушиб қолгандек ҳис қилишидан чарчаганини айтган.

Фото: The Guardian
"Дунё доим ўзгариб боради, биз эса кўпинча буни эътибордан четда қолдирамиз", дейди 17 йил қамоқда ўтирган Creative Аcts дастури координатори Стар Ван Пул.
Ташкилот VR дастурининг синов версияси учун 20 та гарнитура ва иккита Cleanbox дезинфекция қурилмаси топиш учун бир йил вақт сарфлаган. Шунингдек, маҳбусларга озодликка чиқиш жараёнида дуч келадиган қўрқув ва қизиқишларни акс эттирувчи VR саҳналарини яратиш учун Unincarcerated Productions билан ҳамкорлик қилган. Ушбу саҳналарда маҳбуслар озодликка чиққан куни қандай вазиятларга тушишини – одамлар билан мулоқот қилиш, учрашувларга бориш ва бошқа ҳолатларни тажриба сифатида бошдан кечириши мумкин.

Фото: The Guardian
Уильямснинг таъкидлашича, дастур даволаш ёки ташхис қўйишга қаратилмаган. Унинг мақсади – маҳбусларга репрессив муҳит ичида ҳам ўз ҳис-туйғуларини англаш ва тушуниш имконини бериш.
Велли штати қамоқхонасида сақланаётган Даниэль Гарсия VR тажрибаси давомида Лос-Анжелесдаги гавжум кўчада бир одам унга урилиб кетган саҳнани бошдан кечирган. Дастлаб ҳаяжонланган бўлса-да, нафас олиш машқидан сўнг, ҳали ҳам VR гарнитураси тақилган ҳолда, у бундай можароларни қандай тинч йўл билан ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида хотиржам ўйлай олган.

Фото: The Guardian
"Кўпчилигимиз қамоққа тушганимизда, травматик тажрибалар туфайли қўзғатувчи омилларни (триггерларни) англай олмаймиз. VR эса бизга уларни аниқлашга ёрдам берди", дейди Гарсия.

Фото: The Guardian
Creative Аcts ходимларининг айтишича, дастур бошлангач, қамоқхоналарда сезиларли ўзгаришлар кузатилган. Масалан, якка тартибдаги камераларда сақланаётган маҳбуслар орасида ҳуқуқбузарликлар сони камайган. Коркоран штати қамоқхонасида бундай маҳбуслар орасидаги қоидабузарликлар сони VR сеансидан олдин 735 та бўлган бўлса, дастурдан сўнг атиги биттага тушган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар