
Барселонадаги Глобал Саломатлик Институти (ISGlobal) олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Арктика музларининг тез суръатларда эриши глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлиб, кўплаб мамлакатлар учун жиддий экологик ва иқтисодий хавфлар яратмоқда.
Сўнгги ўн йилликда Арктикада музларнинг эриши кучайиши натижасида АҚШ жануби-ғарбида, хусусан Калифорния штатида иқлим қуриб бормоқда. Бу жараён айниқса қиш мавсумида кўпроқ сезилиб, сув ресурслари танқислиги ва қишлоқ хўжалиги учун жиддий хавфлар туғдирмоқда.
Испания ва Португалия каби Европа мамлакатларида эса бу эриши натижасида қиш мавсумида ёғингарчилик миқдори ошмоқда. Намлик даражасининг ортиши натижасида бу мамлакатларда сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар эҳтимоли юқори бўлмоқда.
Арктиканинг тез исиши, шунингдек, глобал об-ҳавони тартибга солувчи кучли шамол оқимларининг сусайишига олиб келди. Бу эса Шимолий Америка ва Европада кескин об-ҳаво ўзгаришларига, жумладан кучли совуқлик ёки аномал иссиқлик тўлқинларига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, 2021 йилда Техас штатини музлатиб қўйган совуқлик тўлқини ва 2017 йилда "Ҳарви довули" пайтидаги кучли сув тошқинлари айнан шу қутб шамоллари тизимининг заифлашуви оқибатида содир бўлган.
Канадада ҳам Арктика музларининг эриши флора ва фауна учун жиддий таҳдид солмоқда. Кўплаб ҳайвон ва ўсимлик турлари ўз яшаш муҳитини йўқотиши оқибатида йўқолиб кетиш хавфи билан юзлашмоқда. Бундан ташқари, музларнинг эриши ҳудуддаги денгиз йўлларини ўзгартириб, бу эса иқтисодий ва транспорт соҳасида янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Гренландияда музларнинг эриши эса янада катта глобал экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бу ердаги музларнинг эриши океан сатҳининг глобал кўтарилишига олиб келади, натижада дунё бўйлаб соҳилбўйи ҳудудларининг сув остида қолиш хавфи кучаймоқда.
Бу тадқиқотлар натижалари шундан далолат берадики, Арктика музларининг эриши фақат Арктикага яқин мамлакатлар эмас, балки бутун дунё мамлакатлари учун жиддий оқибатларни олиб келади. Ҳозирданоқ бу муаммоларни ечиш ва олдини олиш учун глобал миқёсдаги ҳамкорлик зарурлиги аниқ кўринмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар