
Россия ҳукумати Украина билан Америка Қўшма Штатларининг воситачилигида эришилган келишувда зарба бериш тақиқланган энергетика объектлари рўйхатини тақдим этди. Бу ҳужжат 25 март, сешанба куни Кремл сайтида эълон қилинди.
Нефтни қайта ишлаш заводлари, АЭС, ГЭСга зарба бериш тақиқланади
Ҳужжатда айтилишича, рўйхат Россия ва Америка томонлари ўртасида келишилган. Аммо бу АҚШ ёки Украина томонидан тасдиқланмаган.
Рўйхатга атом электр станциялари, гидроэлектростанциялар, нефтни қайта ишлаш заводлари, нефт ва газ қувурлари, сақлаш ва насос станциялари, электр станциялари, нимстанциялар, трансформатор ва тарқатувчилар, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш инфратузилмаси киради.
Кремлнинг таъкидлашича, уларни ўққа тутишга мораторий 18 мартдан бошлаб 30 кунга амал қилади ва у узайтирилиши мумкин. «Томонлардан бири томонидан мораторий бузилган тақдирда, иккинчи томон ўзини унга риоя қилиш мажбуриятларидан озод деб ҳисоблашга ҳақли», — дея огоҳлантирди Россия расмийлари.
Зеленский: Россия келишув шартларини бузиб кўрсатмоқда
25 март куни Володимир Зеленский Кремлни Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш ва энергетика инфратузилмасини ўққа тутишни тақиқлаш келишувлари шартларини бузиб кўрсатганликда айблади. «Руслар аллақачон манипуляция қилишни бошлади. Улар келишувларни бузиб, бизнинг воситачиларимизни ҳам, бутун дунёни ҳам алдашга ҳаракат қилмоқда», — деди Украина президенти.
Оқ уйнинг 25 март куни Ар-Риёддаги музокаралар якунлари бўйича баёнотида айтилишича, Вашингтон Москва ва Киев билан «Россия ва Украинадаги энергетика объектларига зарба беришни тақиқлаш бўйича келишувни амалга ошириш чораларини ишлаб чиқишга» келишиб олган.
Уришаётган икки давлат расмийлари ҳам худди шундай баёнотлар билан чиқди. Аммо фақат Москва шартноманинг амал қилиш муддати бошини 18 март деб атаган ва келишувни узайтириш ёки бекор қилиш имкониятини ҳам билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар