00:56 / 01.04.2025
2 065

Мисрда 3600 йил аввал ҳукмронлик қилган подшоҳнинг қабри топилди

Мисрда 3600 йил аввал ҳукмронлик қилган подшоҳнинг қабри топилди
Филаделфиянинг Пенсилвания университети Миср—Америка археологик миссияси Мисрнинг жанубидаги Абидос ҳудудида 3600 йил олдин ҳукмронлик қилган номаълум подшоҳнинг қабрини аниқлади. Бу ҳақда Артнет хабар берди.

Қабр тахминан етти метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унда лой ғиштдан қурилган гумбазли оҳактош дафн хонаси мавжуд. Киришнинг икки томонида Миср маъбудалари Исида ва Нефтьида номлари сақланиб қолган. Улар кўпинча бирга тасвирланган, чунки Исида туғилишни, Нефтьида эса ўлимни рамзий ифодалаган.

Тадқиқотчиларнинг тахминига кўра, Абидос сулоласи милоддан аввалги 1630—1539 йилларда мавжуд бўлган. Ўша даврда Мисрнинг шимолий қисмини гиксослар, жанубий қисмини эса бир неча маҳаллий подшоҳлар бошқарган.

Топилган қабрда ётган подшоҳнинг исми номаълумлигича қолмоқда. Археологларнинг фикрича, унинг исми кириш йўлагидаги ғиштларга чизилган тасвирларда ёзилган бўлган, аммо иероглифлар қабр ўғрилари томонидан шикастлангани сабабли ўқиб бўлмаган.

Миср Қадимий ёдгорликлар олий кенгаши бош котиби Муҳаммад Исмоил Холиднинг айтишича, бу кашфиёт Анубис тоғидаги қадимий қабристонларда подшо қабрларининг ривожланиши ҳақида янги илмий далиллар беради. Шунингдек, энг кам ўрганилган Абидос сулоласи ҳукмдорлари тўғрисида қўшимча маълумотлар олиш имконини яратади.

Бир пайтлар археологлар ҳатто бу сулоланинг мавжудлигига шубҳа қилишган. Бироқ Абидос ҳукмдорларидан бири Сенебкайнинг қабри топилгандан сўнг, вазият ўзгарди.

Археологлар ҳудудни ўрганишни давом эттирмоқда. Улар бу ерда ўша даврга оид бошқа шоҳлар қабрларини топиш ва шу орқали янги аниқланган қабр эгасининг кимлигини аниқлаш мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг