
Дунёдаги энг машҳур ва таъсирли миллиардерлардан бири — Билл Гейтс ўз мероси ҳақидаги қарорини эълон қилди. Унга кўра, уч нафар фарзанди — Женнифер, Рори ва Фиби жами бойлигининг атиги 1 фоизидан камроғинигина олади.
Forbes маълумотига кўра, Microsoft асосчисининг бойлиги ҳозирда 101 миллиард доллардан ортиқ. Аммо Гейтс бу маблағларнинг асосий қисмини фарзандларига эмас, инсониятга фойда келтирадиган лойиҳаларга йўналтириш ниятида.
“Сулола яратиш ниятим йўқ” — Гейтснинг позицияси
Ҳиндистонлик подкастчи Ражу Шамани билан суҳбатда Билл Гейтс шундай деди:
“Фарзандларимга ажойиб болалик ва таълим имкониятларини яратдим. Аммо улар бойлигимнинг 1 фоиздан кам қисмини олишади, чунки бу улар учун яхшилик бўлмаслигини англаб етдим. Мен сулола яратишни истамайман. Мен улардан Microsoft'ни бошқаришни сўраганим йўқ.”
Мақсад — бойликни инсониятга хизмат қилдириш
Гейтснинг асосий эътибори Gates Foundation жамғармасига қаратилади. У 2000 йилда собиқ турмуш ўртоғи Мелинда билан бирга ташкил этган бу жамғарма ҳозирда дунёдаги энг йирик хусусий хайрия ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Фаолият йўналишлари — соғлиқни сақлаш, таълим ва қашшоқликни камайтириш. Жамғарма Африка ва Осиё давлатларидаги минглаб инсонлар ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшмоқда.
“Муҳими — меҳр ва тушуниш”
Билл Гейтс фарзандларининг молиявий жиҳатдан чексиз имкониятларга эмас, балки инсоний қадриятларга таянишини истайди:
“Болалар сизнинг муҳаббатингиз ва қўллаб-қувватловингизга шубҳа қилмаслиги керак. Шунинг учун уларга ёшликдан ўз фалсафангизни тушунтиринг: сиз уларга тенг имконият берасиз, лекин катта пуллар эҳтиёжмандларга йўналтирилади.”
Гейтс таъкидлашича, фарзандлари бу қарорни тўлиқ тушунади ва қўллаб-қувватлайди.
Билл Гейтснинг ҳаракати бутун дунёдаги бой инсонлар учун ўрнак бўлиши мумкин. Унинг фалсафаси оддий: бойлик — бу мақсад эмас, восита. Агар у дунёдаги ҳаётни яхшилашга хизмат қилса, ана шунда унинг ҳақиқий қиймати юзага чиқади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!