date
views 364

Трамп туғилган кунида парад ўтказади: танклар, самолётлар ва танқидлар соясида

Трамп туғилган кунида парад ўтказади: танклар, самолётлар ва танқидлар соясида
АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг 79 ёшини нишонлаш арафасида Вашингтонда кўркам ҳарбий парад ташкил этмоқда. Ушбу 1,5 соатлик тадбир 14 июнь куни бўлиб ўтади ва расман Америка армиясининг 250 йиллигига бағишланса-да, унинг Трампнинг туғилган кунига тўғри келиши катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Парадда 150 дан ортиқ ҳарбий техника — жумладан, 25 тага яқин M1 Abrams танклари, оғир артиллерия воситалари, жанговар машиналар, 50 та самолёт ва 6600 аскар иштирок этади. Техника ва жангчи кучлар аллақачон Мэрилендга етказилган бўлиб, у ердан Вашингтонга олиб келинмоқда. Парад муносабати билан пойтахт кўчаларининг бир қисми тўрт кунга ёпилади.

Мухолифат ва танқидлар

Бу Трампнинг илк бундай ташаббуси эмас. 2017 йилда ҳам у ҳарбий парад ўтказишни таклиф қилган, аммо армия генералларидан бири "бундай нарсаларни одатда диктаторлар қилади", деб рад этган. АҚШда ҳарбий техника ва танкларнинг кўчаларда юриши анъанага айланмаган, бундай парадлар сўнгги марта 1991 ва 1946 йилларда ўтказилган — Иккинчи жаҳон уруши ва Ямандаги операциядан сўнг.

Бу галги парад ҳам танқидлардан холи эмас. Америка жамиятида айримлар бундай кўргазмали ҳаракатларни Россия, Хитой ва Шимолий Корея каби авторитар режимларга хос деб баҳоламоқда. Бундан ташқари, Bloomberg манбаси парад учун ажратиладиган маблағ 25–40 миллион доллар атрофида бўлишини таъкидлади. Бу суммаларга ҳали шаҳар тозалаш ва хавфсизлик харажатлари киритилмаган.

Маълум сиёсий контекст

Тадбир айнан Трампнинг Лос-Анжелесда норозилик намойишларига қарши Миллий гвардия ва денгиз пиёдаларини жўнатиш қарори фонида ўтказилаётгани эса унинг сиёсий мақсадларга йўналтирилгани ҳақидаги фикрларни кучайтирмоқда. Шу билан бирга, президент маъмурияти Фахрийлар ишлари бўйича вазирликда 83 минг ходимни қисқартириш ниятида экани ҳам жиддий баҳсларга сабаб бўлди.

Мақсад нимада?

Мудофаа вазирлиги вакиллари парад орқали армиянинг жангувар руҳини кўтариш, жамоатчиликда хизмат қилишга қизиқиш уйғотиш мақсад қилинганини таъкидламоқда. Аммо танқидчилар бундай ҳаракатларни нафақат маҳаллий муаммоларни яшириш, балки шахсий PR йўлида давлат ресурсларидан фойдаланиш сифатида баҳоламоқда.

Қисқача айтганда, Трампнинг туғилган кунидаги парад Америкадаги ҳарбий, сиёсий ва жамият ичидаги бўлинишларни янада очиқлаштирди. Йиллар давомида анъанавий сиёсий хатти-ҳаракатлардан фарқ қилувчи президент яна бир бор барчани баҳсга чорлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп туғилган кунида парад ўтказади: танклар, самолётлар ва танқидлар соясида