
БМТ аҳоли жамғармаси томонидан тақдим этилган сўнгги ҳисобот жаҳон миқёсида туғилиш даражаси кескин камайиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Дунё бўйлаб ўтказилган сўров натижаларига кўра, замонавий инсонларнинг фарзандли бўлиш йўлида тўқнаш келаётган муаммолари аслида, бутун жамиятнинг умумий аҳволини намоён қилади.
Таҳлилчилар 14 мамлакатда 14 мингга яқин киши ўртасида сўров ўтказишди. Уларнинг орасида ҳозирги кунда сайёрамиз аҳолисининг учдан бир қисми яшайдиган Ҳиндистон, АҚШ, Германия, Бразилия, Жанубий Корея каби йирик давлатлар ҳам бор. Респондентларнинг аксарияти оила қуриш ва фарзанд кўриш истагини яширмаган, бироқ амалий ҳаётда бунга тўсиқ бўладиган қатор омилларни санаб ўтишган.
Энг аввало, пул топишдаги қийинчиликлар ва доимий иш ўринларининг етишмаслиги, уй-жой масаласидаги муаммолар, келажакка бўлган ишончсизлик, ҳатто турмуш ўртоғининг йўқлиги каби омиллар кўпчиликнинг асосий ташвишларидан экани аён бўлди. Экспертлар таъкидлашича, бу муаммолар фақат иқтисодий сабаблар билан эмас, ижтимоий меъёрлар, номуайянлик ва жамиятдаги узоқ муддатли барқарорликнинг йўқлиги билан ҳам боғлиқ.
БМТ аҳоли жамғармаси раҳбари Наталия Канем сўзларига кўра, жуда кўп инсонлар оила қуриш ва фарзанд кўришни чиндан ҳам хоҳлашади, аммо айни пайтда бу учун етарли имконият ва шарт-шароитга эга эмас. Туғилиш даражасининг пасайиши ота-оналикни истамаслик билан эмас, балки танлов имкони чеклангани билан изоҳланади.
Ҳисоботда туғилишнинг камайишига таъсир қилувчи асосий сабаблар қуйидагича келтирилган:
- Респондентларнинг ярмидан кўпи оила қуриш ва фарзандли бўлиш йўлидаги асосий тўсиқни моддий имкониятлар етишмаслигида деб ҳисоблайди.
- Ҳар учинчи аёл ҳаётида кутилмаган ҳомиладорлик ҳолатини бошидан кечирган.
- 50 ёшдан ошган иштирокчиларнинг 40 фоизи “ота-оналик режаси” орзу бўлиб қолганини тан олган.
- Сўровда қатнашганларнинг 11 фоизи оилада масъулият ва мажбуриятлар тенг тақсимланмаслиги муаммосини таъкидлаган.
Шу қийинчиликларга қарамасдан, кўпчилик учун фарзандли бўлиш орзуси ўз аҳамиятини йўқотмаган. Сўров натижаларига кўра, аёлларнинг 38 фоизи ва эркакларнинг 35 фоизи камида икки нафар фарзанд, 15 фоизи эса уч нафардан кўпроқ фарзанд кўришни орзу қилади.
Замонавий дунёда оила қуриш ва фарзандли бўлиш орзуси кўпчилик учун қадрли бўлиб қолмоқда, лекин бугунги кунда ижтимоий ва иқтисодий тўсиқлардан ўтиш анча қийинлашган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар