date

Эрон валиаҳди Паҳлавий исёнга чақирди: «Хоманаий ер остига пинҳон бўлди»

Эрон валиаҳди Паҳлавий исёнга чақирди: «Хоманаий ер остига пинҳон бўлди»
Эрондаги мавжуд сиёсий тузумга қарши интилишлар яна жонланмоқда. Эроннинг охирги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли — валиаҳд Ризо Паҳлавий халққа мурожаат қилиб, фуқароларни оммавий қаршиликка чақирди. У ўз нутқида ҳозирги диний раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийни танқид қилиб, уни «қўрқиб кетган сичқон» деб атади ва ҳукумат назоратни йўқотганини таъкидлади.

— Оятуллоҳ Хоманаий ер остига яшириниб, воқеалар устидан назоратни тўлиқ қўлдан бой берди. Бу ҳаракат энди ортга қайтмайди. Биз умумий қўзғолон билан режимни тўхтатишимиз керак, — деди Паҳлавий.

Ризо Паҳлавий — 1979 йилдаги Ислом инқилобигача тахт вориси бўлган шахс. Инқилобдан сўнг оиласи билан мамлакатни тарк этиб, ҳозирда хорижда истиқомат қилади. У сўнгги йилларда Эрондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши, иқтисодий таназзул ва сиёсий репрессиялар борасида режимни доимий равишда танқид қилиб келади.

Паҳлавийнинг бу галги чиқиши мамлакатдаги ўнлаб йиллик норозилик кайфиятига янада куч қўшиши мумкин. Унинг чақируви дунё ҳамжамияти диққат марказида ҳам турибди.

Эслатиб ўтамиз, Эронда сўнгги вақтларда сиёсий беқарорлик, иқтисодий инқироз ва ташқи таҳдидлар сабаб тобора кўпроқ норозилик овозлари янграмоқда. Паҳлавий эса ана шу овозларни бирлаштиришга интилмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, Ризо Паҳлавийнинг чиқишлари Эрон жамиятидаги муқобил сиёсий кучларни фаоллаштириши ва янги босқичдаги курашга туртки бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон валиаҳди Паҳлавий исёнга чақирди: «Хоманаий ер остига пинҳон бўлди»