Можтаба Хоманаий қаерда? АҚШ ва Исроил разведкаси уни изламоқда

АҚШ ва Исроил разведка хизматлари Ероннинг олий раҳнамоларидан бири бўлган Можтаба Хоманаийнинг турган жойини аниқлаш бўйича қўшма қидирув ишларини олиб бормоқда. Те Тимес газетасининг маълумотига кўра, у узоқ вақтдан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган ва тахминан 150 кун давомида телефондан фойдаланмаган ҳолда махфий бошпанада яшириниб келмоқда.
АҚШ ва Исроил разведка хизматлари Эроннинг олий раҳнамоси Можтаба Хоманаийнинг қаерда эканини аниқлаш учун қўшма қидирув ишларини олиб бораётгани айтилмоқда. Бу ҳақда The Times газетаси манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Нашр маълумотига кўра, Можтаба Хоманаий узоқ вақтдан бери жамоатчиликка кўриниш бермаганига қарамай, Эроннинг ҳарбий ва стратегик қарорларини қабул қилиш жараёнида муҳим ўрин тутишда давом этмоқда. Айтилишича, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳарбий операцияларга оид айрим қарорларни унинг тасдиғисиз амалга оширмайди. Шу билан бирга, разведка ҳамжамиятининг айрим вакиллари унинг ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилса, ИИҚК эса Можтаба Хоманаий тирик эканини таъкидлаб келмоқда.
Хабарда қайд этилишича, Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати Хоманаийнинг тирик ёки йўқлигини, шунингдек, унинг айнан қаерда яшириниб турганини аниқлашга уринмоқда. Манбаларга кўра, у тахминан 150 кун давомида телефондан фойдаланмаган, компьютерга уланмаган ва махфий бошпаналардан бирида яшириниб келмоқда.
«Можтаба телефондан фойдаланмаётган бўлиши мумкин, аммо унда бошқа алоқа усуллари, масалан, кичик қоғоз орқали хабар алмашиш имконияти мавжуд», — деди «Моссад» бўлимининг собиқ раҳбари Рами Игра.
Унинг таъкидлашича, Эрон раҳбарияти олий раҳнамога хабарларни етказиш учун кўп босқичли курьерлар тармоғидан фойдаланади. Бундай тизимда ҳар бир шахс хабарни кейинги одамга етказади, аммо унинг мазмунидан хабардор бўлмайди. Игра фикрича, Хоманаийга етиб боришнинг энг амалий йўли — унга яқин бўлган агентни жалб қилишдир.
Бироқ у бу жуда мураккаб вазифа эканини ҳам қайд этди. Чунки Эронда олий раҳнамога яқин бўлган шахслар қаттиқ назорат қилинади ва эҳтимол, ИИҚКнинг фақат икки ёки уч нафар аъзосигина у билан қандай алоқа ўрнатиш мумкинлигини билади.
«Моссад»нинг собиқ подполковниги Авнер Авраам ҳам бу мавзуда фикр билдириб, агар Хоманаий жамоатчиликка овозли мурожаат йўлласа ҳам, бу унинг жойлашувини аниқлашни осонлаштириши мумкинлигини айтди.
«Овозли файл орқали ёзув амалга оширилган қурилма, техник хусусиятлар ва ҳатто айрим ҳолларда жойлашув ҳақида маълумот олиш мумкин», — деди у.
Шу билан бирга, Пентагоннинг собиқ юқори лавозимли амалдорларидан бири февраль ойи охиридаги ҳаво ҳужумларида Али Хоманаий ҳалок бўлганидан кейин Можтаба Хоманаий шахсий хавфсизлигига янада катта эътибор қаратаётганини билдирди.
Газетанинг америкалик манбаси эса Эрон сўнгги қирқ йил давомида ташқи разведка учун ёпиқ давлат бўлиб келаётганини таъкидлаб, АҚШ разведкасининг имкониятларига эҳтиёткорлик билан баҳо берди. Унинг фикрича, Исроил разведкаси ресурслари нисбатан чекланган бўлса-да, айрим йўналишларда анча самарали иш олиб бормоқда.
Манбага кўра, агар разведка хизматлари Можтаба Хоманаийнинг аниқ жойлашувини белгиласа, АҚШ ва Исроил кейинги қадамлар бўйича жуда мураккаб сиёсий ва ҳарбий қарор қабул қилишига тўғри келади.
Можтаба Хоманаийдан сўнгги ойларда видео ёки овозли мурожаатлар тарқатилмаган бўлса-да, унинг номидан X ижтимоий тармоғида бир нечта хабарлар эълон қилинган. Бу мурожаатлар Эрон давлат ахборот агентликлари томонидан ҳам тарқатилган.
Жумладан, июль ойида унинг X саҳифасида АҚШ президенти Дональд Трамп имзолаган ўзаро англашув меморандуми «ҳеч қандай қийматга эга эмаслиги» ҳақидаги баёнот эълон қилинган ва унда АҚШ «Буюк Шайтон» деб таърифланган. Июн ойида эса худди шу аккаунтда мазкур меморандум маъқуллангани ҳақида хабар ҳам чиққан эди.
Отасининг дафн маросимида ҳам иштирок этмади
3 июль куни Теҳрон шаҳрида марҳум олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув маросимлари бошланди. Унда Ўзбекистондан Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди.






























Изоҳлар 0
…