Нега Можтаба Хоманаий отасининг дафн маросимига келмади?

Эронда марҳум олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув маросимлари давом этаётган бир пайтда, унинг ўғли ва амалдаги олий раҳнамо Можтаба Хоманаийнинг маросимда кўриниш бермагани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
The New York Times нашрининг ёзишича, 5 июль куни Теҳронда Али Хоманаий учун жаноза намози ўқилиши режалаштирилган бўлиб, видолашув маросимлари мамлакатнинг бир нечта шаҳарларида 9 июлгача давом этади. Бироқ шу вақтга қадар Можтаба Хоманаий омма олдида намоён бўлмаган.
Дафн маросимини ташкил этиш қўмитаси раҳбари Акбар Пуржамшидиён аввалроқ Можтабанинг маросимда қатнашиши унинг шахсий қарори эканини маълум қилганди. Шунга қарамай, унинг кўплаб тарафдорлари янги раҳнамони отаси билан хайрлашув маросимида кўришни кутган.
Манбаларга кўра, хавфсизлик билан боғлиқ жиддий таҳдидлар унинг омма олдига чиқмаслигига асосий сабаб бўлган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин икки манбанинг билдиришича, Исроил томонидан эҳтимолий нишонга олиниш ёки унинг турган жойини аниқлаш хавфи сабаб Можтаба Хоманаийнинг маросимда иштирок этиши мақбул деб топилмаган.
Шу билан бирга, манбалар Можтаба Хоманаий отасининг дафн маросимининг айрим босқичларида қатнашиш истагини билдирганини ҳам қайд этган. Хусусан, у 9 июль куни Машҳад шаҳридаги Имом Ризо зиёратгоҳида ўтказилиши режалаштирилган дафн маросимида иштирок этиш ва отаси ҳақига дуо қилишни хоҳлагани айтилмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, Али Хоманаий АҚШ ва Исроилнинг февраль ойи охиридаги авиаҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани расман тасдиқланган эди. Дастлаб март ойида ўтказилиши режалаштирилган видолашув маросими иштирокчилар сони жуда кўп бўлиши кутилгани ҳамда ташкилий тайёргарлик сабаб июль ойига қолдирилди.
Можтаба Хоманаий эса март ойида Эроннинг янги олий раҳнамоси сифатида сайланган бўлса-да, ҳужумларда олган жароҳатлари туфайли ҳалигача жамоатчилик олдида чиқиш қилмаган. Шу вақтгача унинг мурожаатлари телевидение орқали ўқиб эшиттирилган ёки ёзма баёнот шаклида тарқатилган.






























Изоҳлар 0
…