Можтаба Хоманаийнинг илк видеоси тарқалди: у қаерда?(видео)

Можтаба Хоманаийнинг илк видеоси тарқалди: у қаерда?(видео)
Қисқача

Эронда олий раҳнамо Можтаба Хоманаий акс этган илк видео 8 август куни Меҳр ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди. Видеода у бир гуруҳ шахслар билан суҳбатлашаётгани кўринади, бироқ тасвир қачон ва қаерда олингани, ундаги шахслар ким экани очиқланмаган. Видео Можтаба Хоманаийнинг саломатлиги ва қаердалиги ҳақидаги тахминларга жавоб сифатида тарқатилган бўлиши мумкин.

Эронда мамлакат олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий акс этган илк видео эълон қилинди. Тасвир Mehr ахборот агентлиги томонидан тарқатилган.

8 август куни оммага тақдим этилган видеода Можтаба Хоманаий бир гуруҳ шахслар билан суҳбатлашаётгани кўринади. Бироқ кадрлар қачон ва қаерда тасвирга олингани, шунингдек, унда иштирок этаётган шахсларнинг ким эканига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Мазкур видео Можтаба Хоманаийнинг саломатлиги ҳақида сўнгги вақтларда пайдо бўлаётган турли тахминларга жавоб сифатида эълон қилинган бўлиши мумкин. У 28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган отаси — Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўрнини эгаллаган эди.

Шундан бери Можтаба Хоманаий омма олдида деярли кўринмаган. Маълумотларга кўра, у ҳужумлар пайтида жароҳат олган бўлиши ва хавфсизлик чоралари сабаб оммадан узоқда қолган бўлиши мумкин.

У июль ойида отасининг дафн маросимида ҳам иштирок этмаган. Маросимда Хоманаийнинг уч ўғли — Мустафо, Мейсам ва Масъуд кўриниш берган. Марҳум раҳнамо эса 10 июлга ўтар кечаси Имом Ризо мақбарасида дафн этилган.

Айни пайтда АҚШ ва Исроил разведка хизматлари Можтаба Хоманаийнинг қаердалигини, шунингдек, унинг тирик ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилаётгани айтилмоқда. Таъкидланишича, олий раҳнамо тахминан 150 кундан бери телефон ва компьютердан фойдаланмаган ҳамда махфий бошпанада яшириниб келмоқда.

Моссад” бўлимининг собиқ раҳбари Рами Игра ҳам Можтаба Хоманаий алоқа воситаларидан фойдаланмаслиги мумкинлигини билдирган. Унинг айтишича, бундай вазиятда хабарларни етказиш учун бошқа усуллар, жумладан, кичик қоғоз парчаларидан фойдаланиш эҳтимоли бор.

Игранинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати олий раҳнамога ахборот етказишда кўп босқичли курерлар тармоғидан фойдаланиши мумкин. Бунда курерлар мактуб ёки хабарнинг мазмунини билмайди, балки уни бир шахсдан бошқасига етказиш билан чекланади. Унинг таъкидлашича, Хоманаий билан бевосита алоқада бўлган шахс орқали маълумот олиш энг реал йўллардан бири бўлиши мумкин. Бироқ раҳнамо атрофидаги ҳар бир шахс қаттиқ текширувдан ўтказилади.

7 август куни Исроил оммавий ахборот воситалари Можтаба Хоманаий “ўта оғир аҳволда” экани ҳақида хабар тарқатган эди. Шунингдек, унинг ҳозирги жойлашуви ва мамлакатни бошқариш имконияти ҳам шубҳа остига қўйилган.

Шу билан бирга, Можтаба Хоманаийнинг видеомурожаати ёки овозли хабарлари оммага тақдим этилмаганига қарамай, унинг номидан турли баёнотлар Эрон давлат ахборот агентликлари орқали тарқатилмоқда.

Янги видео эса Можтаба Хоманаийнинг аҳволи ва қаердалиги атрофидаги саволларга ойдинлик киритишга уриниш сифатида қаралмоқда. Бироқ тасвирнинг қачон ва қаерда олингани очиқланмагани сабабли, унинг мазмуни бўйича ҳозирча турли саволлар сақланиб қолмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар