15:35 / 05.12.2016
13 400

Хитойнинг дипломат ҳайвони

Хитойнинг дипломат ҳайвони

Пекин дипломатиясида уни алоҳида ўрни бор

Хитой ҳукумати 2025 йилга қадар ёввойи табиатдаги пандалар сонини 18 фоизга кўпайтиришга қарор қилди. Бу режага кўра, яна ўн йилдан кейин ёввойи табиатдаги пандалар сони 2 минг 200 тага етади.
Айни дамда Хитой ёввойи табиатида 1 минг 864та панда мавжуд. Яна 422 панда махсус марказларда боқилади. Ҳукумат 2025 йилгача Сычуань, Ганьсу ва Шэньси вилоятларида пандалар учун махсус ҳудудлар яратиш устида иш олиб бормоқда. Махсус марказлардаги пандалар ҳам кейинчалик ёввойи табиатга қўйиб юборилиши мумкин. Катта панда бамбук айиғи ҳам деб аталади. Унинг ватани Хитойнинг марказий худудлари дея тан олинган.
Панда тунги ҳайвон бўлиб уни ер шарининг ҳамма жойида ҳам учратиб бўлмайди. Ватани Сычуань вилояти ва Тибет бўлган катта панда ҳайвонларнинг йўқолиб бораётган турига кирган бўлиб, Хитой давлати томонидан Қизил китобга киритилган ва муҳофазага олинган. Бундан ташқари панда Хитой рамзи ва фахри ҳамдир. Шу сабабли ҳам Пекин дипломатиясида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳайвонларни бошқа мамлакатларга юбориш аньанага айланиб қолган, айрим холларда уни “панда дипломатияси” деб ҳам айтишади. Пандани овлаганларга Хитойда ўлим жазоси қўлланилади.

Уни нима учун совға қилишган?

Қадимда ва ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларга биноан Хитой ўз ҳамкорлари бўлмиш давлатларга бу ноёб жониворни совға қилган.

“Осмон ости мамлакати” ҳукмдорлари дипломатик учрашувлар вақтида бир-бирларига панда совға қилишган. Буюк Британияда нашр қилинадиган “Файнэншел-таймс” газетаситда босилган мақоладаги “Катта пандани кузатинг: Айнан у Хитой ташқи сиёсатини белгилайди” деган сўзлар бунинг исботидир. Илк бор панда хизматидан Тан сулоласи (618—907) ҳукмдорлари фойдаланишган. Империя ҳукмдори бўлмиш малика У Цзэтянь иккита пандани Япония императорига совға қилган эди. Аммо бу панда-дипломатия амалиёти 1950-йиларга келиб йўлга қўйилди. 1957 йилдан 1983 йилга қадар Хитой 9та мамлакатга жами 23та панда совға қилди. Шунда ҳам Хитойга дўст бўлган мамлакатларгагина бериларди. Ғарб мамлакатлари, жумладан Буюк Британия ва АҚШ оқ-қора рангли айиқни олишга умид қилмаса ҳам бўларди. 1970 йилларда Хитой ғарб мамлакатлари билан алоқларни яхшилаш мақсадида панда-дипломатиясидан фойдаланишга қарор қилди. 1972 йилда АҚШ президенти Ричард Никсон Хитойга ташриф буюради. Ташриф доирасида Пекин ҳайвонат боғига ҳам борди. Олий меҳмон шарафига берилган зиёфатда бош вазир Чжоу Эньлай Ричард Никсоннинг рафиқаси Пэт Никсонга “Панда” сигаретасини кўрсатар экан, шу каби совға олиш нияти бор ёки йўқлигини сўрайди. Аммо АҚШ биринчи хоними чекмаслигини айтади. Шунда бош вазир сигарет қутисида акс этган ҳайвонни совға қилиш ниятида эканни айтади. Шу тариқа Линг-Линг ва Син-Син лақабли пандалар Қўшма штатлар бўйлаб сафарга чиқади.

Пэт Никсон пандаларни Миллий ҳайвонат боғига топширишга қарор қилди. Шу тариқа пандалар Хитой-АҚШ муносабатларининг яхшиланишига хизмат қилди. 1972 йилда Хитой ва Япония ўртасидаги муносабатлар ҳам илиқлаша бошлади. Бунга Японияга совға қилинган иккита- Лань-Лань ва Кан-Кан лақабли пандаларнинг ҳам хизмати бор. 1973 йилда Хитой хукумати иккита — Янь-Янь ва Лили лақабли пандаларни Францияга совға қилди. Орадан бир йил ўтиб Цзя-Цзя ва Цзин-Цзин лақабли пандалар Буюк Брианияга совға қилинди. 1980-йиллар ўрталарида пандага талаб ортгани боис, хукумат миллий бойлик хисобланмиш пандлаларни совға қилишни тўхтатди. 1985 йилда хукумат бундан кейин панда бошқа мамлакатларга совға қилинмаслигини, балки ижарага берилиши мумкинлиги борасида қарор қабул қилди.

Энди улар ижарага берилади

Бугунги кунда пандлалар совға қилинмайди, балки 10 йилга ижарага берилади. Бунинг учун ижарага олмоқчи бўлган давлат Хитойга бир йил учун 1 миллион доллар тўлаб қўйиши керак бўлади. Шунда ҳам битта шарт билан, ўша мамлакатда туғилган панда Хитой мулки ҳисобланади. Агар панда нобуд бўлса, у холда ҳайвонат боғи Хитой хукуматига қўшимча равишда товон тўлайди.

Панда йиртқич хайвонлар туркумига кирган бўлишига қарамай, тухум ва қушларни истеъмол қилиши мумкин. Катта панда — тун ҳайвони. Кундузи ухлаб, кечаси харакатланадиган панда айиқларнинг бошқа турларидан фарқли равишда ҳеч қачон овга чиқмайди. Балки ўсимликлар билан озиқланади. Бироқ пандалар бамбукни афзал кўришади. Панда юришни унчалик ҳам хуш кўрмайди. Бироқ овқатланиш, дам олиш ва бошқа мақсадларда дарахтдан дарахтга осилиб юришни яхши кўради.

Хитойда пандалар анча машҳур бўлиб, аҳоли бу жониворни яхши кўради. Хитойликлар бу ҳайвон фақат ўз юртларида яшашидан фахрланишади. Хар бир хитойлик пандани кўриш умидида ҳайвонат боғига боришни шараф деб билади.

Юзлаб корхоналар панда кўринишидаги ўйинчоқ ва откриткалар ишлаб чиқаради. Йирик компаниялар ҳам, кичик корхоналар ҳам ўз махсулотларида панда сурати бўлишини истайди.

Нега у Жаҳон Ёввойи табиат Фонди рамзи ҳисобланади?


“Панда” хитойчада “да сюнмао” дейилади. Панда Жаҳон Ёввойи табиат Фонди(WWF)нинг расмий рамзи ҳисобланади. Бу рамзни музликлар маконидан тортиб тропик ўрмонларгача, чўл-даштларгача бўлган худудларда учратиш мумкин.

Бунинг тарихи шундай. 1961 йилда Жаҳон Ёввойи табиат фонди ташкил қилинган йилда европаликлар илк бор тирик пандани кўришган. Лондон ҳайвонт боғида пандани кўрган олим ва рассом сэр Питер Скотт панданинг оқ-қора суратини чизди. Айнан рассомнинг таклифи билан фонднинг рамзига айланади. Бугунги кунда Жаҳон Ёввойи табиат фондининг логотипи Олимпиада ва МакДоналдс рамзлари қаторида олтита энг машхур логотипдан бири ҳисобланади. Панда суратини тадқиқот кемаларида ҳам, браконьерларга қарши курашувчи ташкилотларнинг машиналарида ҳам, қўриқхоналарда ҳам, болалар экологик оромгохларида ҳам учратиш мумкин.

Тахминан 2 минг йил авал катта пандалар Шарқий Осиёнинг барча бамбук ўрмонларида, Хитойнинг марказий ва жанубий худудларида, Вьетнам ва Мьянмада учрарди. Бамбук ўрмонлари кесила бошлангач, аста-секин пандалар ҳам йўқ бўлиб кетди. Ўшанда 2000 йилда ер юзида бирорта ҳам панда қолмаслиги башорат қилинган эди. Хитой Халқ Республикаси ташкил топганидан кейин, хукумат ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб пандаларни ўз мухофазасига олди. Бунинг учун 32 та қўриқхона ташкил этилди. Пандаларни қутқариш мақсадида Давлат илмий маркази ташкил этилган.

Панда ноёб жониворки, уни жаҳоннинг ҳар бир ҳайвонт боғида ҳам учратиш мумкин эмас. Яқинда хитойлик бир гурух журналистлар ўз ҳайвонат боғларида панда сақланаётган бир нечта мамлакатга ташриф буюришиб, вазиятни ўрганишди. Ўтказилган сўров натижаларига қараганда, панда нафақат болаларнинг, балки катталарнинг ҳам севимли ҳайвони экани ойдинлашди.

Шарофиддин Тўлаганов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойнинг дипломат ҳайвони