date

Исроил Ғазо секторини аннексия қилиш режасини муҳокама қилмоқда

Исроил Ғазо секторини аннексия қилиш режасини муҳокама қилмоқда

Исроил ҳукуматида Ғазо секторининг келажаги ва минтақадаги вазият борасида жиддий сиёсий тортишувлар авж олмоқда. Исроилнинг нуфузли Haaretz газетаси маълумотларига кўра, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамасига Ғазо секторини босқичма-босқич тўлиқ қўшиб олиш (аннексия) режасини расман тақдим этиш ниятида. Бу ҳақда нашр ишончли манбаларга таяниб ёзмоқда.

Маълумотларга кўра, Исроил расмийлари ҲАМАСга отишмани тўхтатиш учун бир неча кун муҳлат бераётганини эълон қилади. Агар ушбу шарт қабул қилинмаса, дастлаб буфер зонасидаги ҳудудлар, сўнгра эса Сдерот ва Ашкелон шаҳарларига туташ Ғазо секторининг шимолий қисми аннексия қилинади. Жараён бутун ҳудуд қўшиб олинмагунча босқичма-босқич давом этади.

Нетаняҳу вазирларга бу стратегик қарорни АҚШнинг Доналд Трамп маъмурияти қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади, деб хабар берди Haaretz. Шунингдек, Исроил молия вазири ва ўта ўнг сиёсатчи Бецалел Смотрич ушбу режа амалга оширилса, ҳукуматда қолишга тайёрлигини билдирган. Аввалроқ, Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар ҲАМАС бутунлай бартараф этилмасдан оташ тўхтатилса, ҳукуматни тарк этиш ва коалицияни бузиш билан таҳдид қилган эди.

The Times of Israel газетаси эса 12-канал телевидениесига таяниб, Исроил вазирлар маҳкамасида Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш ёки шаҳарларни блокадага олиш бўйича бир нечта вариант муҳокама қилинаётганини маълум қилди. Телевидение манбаларига кўра, ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамасининг қисқартирилган форматдаги сўнгги мажлисида айнан шу масалалар биринчи даражада кўриб чиқилган.

Минтақадаги вазият янада кескинлашар экан, Исроилнинг бундай стратегик қадамлари нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам жиддий баҳс ва таҳлилларга сабаб бўлмоқда. Экспертлар ва сиёсий кузатувчилар эса, бу сиёсий жараёнлар қандай якун топишини ва минтақада қандай ўзгаришлар бўлишини катта қизиқиш билан кузатишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил Ғазо секторини аннексия қилиш режасини муҳокама қилмоқда