АҚШ президенти Дональд Трампнинг янги бож сиёсати хориждан келтириладиган маҳсулотларга катта солиқ юкини юкламоқда. Апрелда эълон қилинган тарифлар Хитой, Вьетнам, Канада, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардан импорт қилинадиган маҳсулотлар нархини оширишга олиб келмоқда.
Кийим-кечак ва пойабзал импорти учун 30–35 фоизлик бож белгиланган. Бу, асосан, Вьетнам, Хитой ва Бангладешда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга тааллуқли. Натижада Walmart, Levi Strauss ва Nike каби йирик компаниялар нархларни оширмоқда.
Қаҳва, зайтун мойи, помидор ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам янги тарифлар қўлланилмоқда. Масалан, Бразилия қаҳвасига 50 фоиз, Вьетнам қаҳвасига эса 20 фоиз бож белгиланган.
Март ойидан бошлаб хорижий автомобилларга 25 фоизлик бож жорий қилинган. Гарчи автомобил нархлари ҳозирча барқарор бўлса-да, ишлаб чиқарувчилар бу харажатларни узоқ муддат ўз зиммасига ололмаслиги мумкин.
Уй-жой қурилишида ишлатиладиган пўлат, алюминий ва мис каби асосий материалларга тарифлар оширилган. Бу эса янги уйларнинг умумий қийматини оширади.
Канададан келтириладиган нефтьга 10 фоиз бож жорий қилиниши ёқилғи нархларига таъсир қилиши мумкин. АҚШда кўплаб нефтьни қайта ишлаш заводлари айнан Канададан келадиган қаттиқ хомашёни қайта ишлашга мослаштирилган.
Трамп тарифлар орқали маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Бироқ иқтисодчилар бу чора қисқа муддатда америкаликлар учун кундалик харажатларнинг ошишига олиб келишини таъкидламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!