Жаҳон геосиёсий саҳнасида катта кучлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар яна бир мураккаб босқичга қадам қўймоқда. Буюк сиёсий фигура Доналд Трампнинг сўнгги режалари ҳақида The Telegraph нашри хабар тарқатди. Унга кўра, АҚШ президенти Россияга қарши кескин иқтисодий босим ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
Олдинги бир неча ой мобайнида Кремлга нисбатан жиддий санкциялар ёки босим чоралари амалга оширилмагани маълум. Аммо бу сукунат узоққа чўзилмайдиган кўринади. Сиёсий муҳитдаги сўнгги ўзгаришлар Трампни жиддий ҳаракатлар кўришга ундаши мумкин.
Ана шундай "ҳаракатлардан" бири сифатида Трамп Россия нефтини сотиб олаётган давлатларга 100 фоизлик тарифлар жорий этишни кўриб чиқмоқда. Ушбу чора нафақат Москвага, балки Ҳиндистонга ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Трамп Путинни ўт очишни тўхтатишга мажбурлаш мақсадида жума кунига қадар қатъий қарор қабул қилиши мумкин. Вариантлар орасида нефть экспорти билан боғлиқ янги божлар ҳам бор. Бу божлар Россия иқтисодиётига кескин зарба бериш имконига эга бўлади.
Ҳиндистон эса эҳтимолий қурбонлардан бири. Чунки мамлакат охирги икки йилда Россия нефтининг асосий харидорларидан бирига айланди. Агар 2022 йилда Ҳиндистон Россия нефтининг бор-йўғи 0,2 фоизини импорт қилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 45 фоизга етиб, кунига тахминан 2 миллион баррелни ташкил қилмоқда. Бу эса Кремл учун 50 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган.
Оқ уйнинг сўнгги хабарига кўра, Ҳиндистон маҳсулотларига божлар 25 фоизга оширилган ва агар Россия билан нефть савдоси тўхтатилмаса, янада оғирроқ санкциялар жорий этилиши мумкинлиги билан таҳдид қилинган.
Хулоса ўрнида:
Трамп ҳокимият тепасига қайтиб келгандан сўнг, у нафақат сиёсий, балки иқтисодий саҳнада ҳам қўпол ва кескин ҳаракатлари билан дунё тартибини ўзгартиришни бошлади. Бу ҳаракатлар нафақат Россияга, балки дунё бозорларига ҳам таъсир кўрсатиши муқаррар.
Келгуси ҳафта дунё учун янги синовлар бошланиши мумкин. Кузатувчилар эса бутун дунёдаги геосиёсий ўйинларни яна футбол каби қизиқиш билан кузатишда давом этадилар.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!