Францияда президент Эммануэль Макроннинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати кенг жамоатчилик орасида катта баҳс ва норозилик келтириб чиқарди. Мамлакатнинг бир қатор йирик шаҳарларида оммавий намойишлар авж олди.
“Ҳаммасини тўхтат” шиори билан ижтимоий тармоқларда тарқалган чақириқлар натижасида Париж, Лион, Ренн ва яна кўплаб шаҳарларда юзлаб инсонлар кўчаларга чиқди. Намойишчилар асосий йўлларни тўсиш, жамоат транспорти қатновини издан чиқариш орқали ўз норозиликларини ифода этди.
Ренн шаҳрида вазият кескин тус олди. Айланма йўлларда баррикадалар қурилиб, улар ёқиб юборилди. Шаҳарнинг айрим жойларида эса автобусга олов қўйилгани қайд этилди. Лионда эса чиқиндилар қутиси трамвай йўлларига ағдарилиб, ёқиб юборилган.
Полициянинг маълумотларига кўра, мамлакат миқёсида камида 85 киши ҳибсга олинди. Уларнинг аксарияти Парижда — 75 нафар инсондан иборат. Тартибсизликларни бартараф этиш жараёнида хавфсизлик кучлари айрим ҳолларда кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатишга мажбур бўлган.
Намойишчилар асосан иш ўринлари, ижтимоий таъминот ва турмуш даражасига боғлиқ сиёсатдан норози эканликларини билдиришмоқда. Айтишларича, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган ислоҳотлар оддий аҳоли турмушига оғирлик қилиб, иқтисодий тангликни кучайтирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!