Филиппиннинг Себу вилоятида содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 72 нафарга етди. Илгари 69 киши қурбон бўлгани хабар қилинган эди. Шунингдек, 294 нафар инсон турли даражада тан жароҳати олгани айтилмоқда.
GMA News тарқатган маълумотга кўра, табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини юмшатиш миллий кенгаши зилзиладан 170 мингдан ортиқ киши жабр кўрганини қайд этди. Шу жумладан, тахминан 20 минг киши уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, кучли силкинишлар айрим биноларнинг вайрон бўлишига олиб келган.
Маълумот учун, сешанба куни маҳаллий вақт билан 21:59 да 6,9 магнитудали зилзила қайд этилган. Кейинчалик кучлари 1 дан 5 гача бўлган 2300 дан зиёд ер силкинишлари содир бўлгани аниқланди. Филиппин вулқонология ва сейсмология институти маълумотида айтилганидек, зилзила Бого шаҳридан тахминан 20 километр шимоли-шарқда, ер остида 5 километр чуқурликда юз берган.
Себу вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Энг кўп қурбонлар вилоятнинг шимолида жойлашган 90 минг аҳолига эга Бого шаҳри ҳамда Сан-Ремижио ва Меделлин муниципалитетларида қайд этилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!